Бош мақсад - халқ, юрт манфаатига хизмат қилиш
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Бекмурод Абдуллаев воҳада жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, содир этилганларини “иссиқ излар”да фош этиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди. “Дастлаб, “Насаф” ўйингоҳида бўлиб ўтган йиғинда ходимларнинг хизматга шайлиги ва тайёргарлигини кўздан кечирди. Ички ишлар органлари ходимлари фаолиятда хизмат интизоми ва қонунчиликка сўзсиз риоя этиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиш, энг муҳими, одамларда соҳа ходимларига бўлган эътибор ва ишончни йўқотмаслик бўйича тегишли йўриқнома берди.
Шахсий таркибнинг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ва ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билимини ошириш борасидаги талабларни янада кучайтириш лозимлигини алоҳида қайд этди. Бунда аввало ҳар томонлама баркамол, интилувчан, ўз устида ишлашни канда қилмайдиган кадрларни жой-жойига қўйиш, мураббийлик ҳаракатини кенг қулоч ёйдириш, биринчи раҳбардан қуйи буғингача бўлган раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш лозим.
Ҳар бир мурожат этаётган фуқарога қонуний ва ҳуқуқий асослар билан жавоб қайтариш, тамагирлик, порахўрликка ундовчи шахсларга жиноятга жазо муқаррарлиги ҳақида тушунча ва кўникмалар бериш, кези келганда бундай иллатлардан ҳар бир ходим сақланиши соҳа обърўси ва нуфузини оширади. Ана шунда ходимларда – халқ, юрт манфаатига хизмат қилиш туйғуси янада кучаяди.
Тадбир якунида хизматда ижобий натижаларга эришган бир гуруҳ ходимларга Ички ишлар вазири ўринбосарининг “Ташаккурнома”лари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати