15 Январ 2021 йил 792

БЎЛАЖАК ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ

Қашқадарё вилояти ИИБ тасарруфидаги “Юлдузча” мактабгача таълим ташкилотида 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Биз бўлажак Ватан ҳимоячилари” мавзуида саҳналаштирилган тадбир бўлиб ўтди. Унда ота-оналар ва МТТ тарбиячилари иштирок этишди.

            Дастлаб тадбирда саҳнага “Амир Темур” ва “Алпомиш” номли гуруҳлар чиқиб саф тортди. Давлатимиз мадҳияси куйлангач, гуруҳлар ўзларини таништиришди. Унда сардорлар гуруҳ номига қисқача тавсиф беришди. Сўнгра, тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари байроғимиз пойида Ватанга садоқат ва муҳаббат, уни севиш, уни кўз қорачиғидек асраш, юртни истиқлоли ва истиқболи, осойишталиги йўлида хизмат қилиш учун қасамёд қилишди.

Тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари саҳна кўринишларида аскарларимиз матонати ва жасорати ҳақида  шеърий тилда ўз фикрларини баён этишди. Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар жўрлигида жанговар машқларни ижро этишди. Гуруҳлар Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” ва Она Ватан шеърларидан намуналар ўқишди.

Якунда эса ўзаро арқон тортиш, ҳарбий кийимни тез кийиш, жанговар рақс йўналишларида ўзаро баҳслашдилар.

Бир сўз билан айтганда болажонлар қалбида она Ватан, юрт сарҳадларини қўриқлаш, оилани кўз қорачиғидек асраш борасидаги тушунчалар янада мустаҳкамланди. 

      

 

 

Text to speech