"Бобурнома" – адабий ва тарихий асар
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур тавллудининг 539 йиллиги муносабати билан “Бобурнома” – адабий ва тарихий асар” мавзусида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар ходимлари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ва ИИВ Қашқадарё академик лицейи вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Хабибулла Бозоров очди.
Мавзу доирасида вилоят Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи ўринбосари Латиф Қамбаров “Бобурнома” – жаҳон адабиётининг дурдона асари дея эътироф этди. Шунинг баробарида, бадииятга йўғрилган тарих ҳамдир. Бобур бутун борлиқни, гўзалликни ҳис қилган, яратганнинг мўжизаларини кўра билган ва уни шоир туйғуси, ёзувчи маҳорати, тарихчи ҳақиқати билан баён эта олган. Шунинг учун ҳам “Бобурнома” – бетакрор асар!
Тадбирда ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчиси Мўтабар Равшанова “Бобурнома” мемуар жанрининг дунё тафаккур аҳли томонидан эътироф этилган энг нодир намуналаридан биридир деди.
“Бобурнома” - ХV – ХVI асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистонда юз берган ижтимоий-сиёсий, маданий, тарихий воқеаларни ўрганишда бу асарнинг қиймати беқиёслигини, шунинг баробарида, асар Бобурнинг буюк замондошлари Aлишер Навоий, Камолиддин Биноий, Камолиддин Беҳзод каби маданият арбоблари, Ҳусайн Бойқаро, Муҳаммад Шайбоний каби тахт эгалари ҳақидаги муҳим манбадир.
Бундан ташқари “Бобурнома” адабиётшуносликдаги тазкира асарларга хос жиҳатларга эгалиги, Ҳазрат Aлишер Навоийнинг маънавият, ижод аҳлига мураббийлик ва муқаввийлик қилгани, саккиз девон тузгани, феъли-саъжияси борасида фикр-мулоҳазаларини баён этади. Бундай чизгиларда Бобур мунаққид сифатида бўй кўрсатади.
Якунда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар ва бу борадаги тадбирларни юқори савияда ўтказилишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган вилоят Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи ўринбосари Латиф Қамбаровга Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.