11 Феврал 2023 йил 555

“Бобур – моҳир саркарда ва халқпарвар подшоҳ”

Қашқадарё вилояти ИИБда “Бобур – моҳир саркарда ва халқпарвар подшоҳ”мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари, Қарши давлат университети ўқитувчиси иштирок этди. Уни бошқарма ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари подполковник Шермухаммад Муслимов очди.

Йиғилишда сўз олган Қарши давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шерзод Акрамов сўзга чиқиб, отаси фожиали равишда ҳаётдан кўз юмган Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшда мамлакат тахтига ўтирганда Умаршайх Мирзо салтанатидаги бир қанча беклар ва ҳокимлар ёш ҳукмдорга бўйсунмайди, ҳатто ўз амакиси ва тоғаси ҳам унга қарши чиққани унинг ҳукмдорлигининг дастлабки 2–3 йилини ўзаро низо ва келишмовчиликларни бартараф этишга, ўз мавқеини мустаҳкамлашга сарфлаганини таъкидлади.

Бобоси Амир Темур салтанатини қайта тиклаш мақсадида 1495–1496 йилларда ва 1497 йилда 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқандни қўлга киритади. Аммо турли иқтисодий, ҳарбий ва бошқа қийинчиликларга дуч келавергач, юз кундан кейин шаҳардан чиқиб кетади.

Бобур иккинчи марта Самарқандни 1500 йилнинг кузида эгаллайди. Келаси йил баҳорида Шайбонийхон катта қўшин билан бостириб келади. 1501 йил апрелида бўлган жангда Бобур Мирзо мағлубият аламини тортади.

1501–1504 йилларда Бобур Мирзо Афғонистонга йўл олади. Ғазни ва Кобул шаҳарларини эгаллайди. 1507 йилда эса Ҳиндистонга юриш қилади. Дастлабки уриниши кўзлаган натижани бермайди. 1519 йилдан бу ўлкани эгаллашга жиддий киришади. Бир неча ҳарбий юришлари муваффақиятли кечади. Ниҳоят 1526 йилда Панипатда Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг кишилик лашкарини 12 минг кишилик қўшини билан енгиб, бу шаҳарни қўлга киритади. Сўнг Рано Сангони мағлубиятга учратиб, Шимолий Ҳиндистоннинг жуда катта қисмини эгаллайди. Ушбу муҳорабада тўпларни ишлатади. Шундан сўнг Бобур Ҳиндистон заминида улуғ салтанат барпо қилади.

Бобурийлар бу ўлкада 300 йилдан ортиқ, яъни инглизлар истилосигача ҳукмдорлик қилишади.

Бобур давлат бошқаруви билан бирга назмий ва насрий йўналишларда ижод ҳам қилади. Унинг “Бобурнома” асари жаҳон адабиёти ва манбашунослигидаги муҳим ва ноёб, ўзбек адабиётида дастлабки насрий мемуар ва тарихий илмий асар. Бундан ташқари, Бобур адабиётдаги шеърий вазнлар ва усуллар ҳақида илмий асар, бир қатор радифли ғазаллар ва рубоийлар ҳам битган ноёб ва дилбар шахсдир.   

Ҳиндистоннинг тараққиётига Бобур ва унинг авлодлари беқиёс ҳисса қўшишади. Авваламбор, мамлакатни бирлаштириб, марказий ҳокимиятни кучайтиради. Натижада ўзаро урушлар барҳам топиб, юртда тинчлик-осойишталик ҳукм суради. Бу эса маданиятнинг, савдо-сотиқнинг ривож топишига қулай шарт-шароит яратади.

Бобур халқпарварлик билан илм-у фанни тараққий эттириш, маҳаллий аҳолининг дини, урф-одатларини ҳурмат қилади. Шунинг учун ҳам буюк ҳинд халқининг меҳр-у муҳаббатини, ҳурматини қозонади.

Text to speech