Битирувчиларга йўриқнома берилди
Қашқадарё вилояти ИИБда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси кундузги таълим шаклининг 2023 ўқув йили битирувчи ходимлари билан Ички ишлар органларида хизматни ўташда ходимларнинг хизмат вазифалари, мажбуриятлари, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиши бўйича ўтказиш йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғи ўринбосари ва ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти ва ИИВ Академияси битирувчилари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Завқиддин Хўжанов очиб, битирувчи ёш ходимларни ИИВ Академиясини мувафаққиятли тамомлаганликлари билан қутлаб, улар лавозимларга тайинлангунига қадар Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ихтиёридалигини, ички ишлар органларида хизматни ўташда ходимларнинг хизмат вазифалари, мажбуриятлари, хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя этишлари тўғрисида иштирокчиларга зарурий тушунчалар берди. Ёш ходимлар халқ манфаатларига хизмат қилишни энг олий бурч деб билиши, виждонан хизмат қилиши, уларга малакали мураббийлар бириктирилишини, хизмат давомида ички ишлар вазирлигининг амалдаги норматив ҳужжатлари асосида хизмат олиб боришларини, хизмат интизоми ва қонун бузилишларга йўл қўйилмаслигини, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-10-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми Кодекси талабларини мукаммал билишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда сўз олган ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник Темур Байжанов ички ишлар органи ходими томонидан автомашинани ҳужжатсиз бошқармаслик, фаолият жараёнида фуқаролар билан хушмуомала бўлиш, пировардида халқ манфаатларига хизмат қилишни устувор билиш, фаолият давомида тамагирлик ва коррупсион ҳолатларга йўл қўймаслик бугунги кун талаби эканлигини йиғилиш иштирокчилари эътиборига етказди.