“Беқиёссан, ифтихоримсан - она тилим”
21 октябр – Ўзбек тили куни байрами муносабати билан Қарши шаҳридаги 18-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернатида “Беқиёссан, ифтихоримсан - она тилим” мавзусида тадбир ўтказилди.Тадбирда сўз олганлар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлиши муносабати билан мамлакатимизда қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилаётгани, унда тил – давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи эканлигини қайд этишди. Шу боис тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурч эканлиги таъкидланди. Ёшларга тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови эканлигини, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини, қолаверса бошқа тилларни севиб ўрганишлари зарурлиги тушунтирилди.Ўқувчилар тилнинг қудратини акс эттирувчи, унинг аҳамияти кишилар тақдирида муҳим рол ўйнашини кичик саҳна кўриниши орқали акс эттириб бердилар. Айниқса, ўқувчиларнинг шеърий усулда ёзилган тиниш белгиларнинг хусусиятларини акс эттирувчи чиқишлари барчага манзур бўлди. Якунда ўқувчилар томонидан ўқилган шеърлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.