БАЙРАМ ШУКУҲИ
Қашқадарё вилоят ИИБда 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Уни бошқарма бошлиғи, полковник Шуҳратжон Сатволдиев очди. Шундан сўнг бошқарма бошлиғи ўринбосари, полковник Х. Бозоров Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг барча шахсий таркибга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам тадбирида бошқарма бошлиғи ички ишлар идоралари ходимларини Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутлаб, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида юртимизда мустаҳкам, замонавий ва ихчам, тезкор миллий армиямиз барпо этилгани, ҳарбий соҳада амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар замирида ҳам бош мезон инсон манфаати ва эл осойишталигини таъминлаш эканлигини таъкидлади. Мамлакатимизда тинчликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, эл осойишталигини кўз қорачиғидек асраш, ҳуқуқбузарликлар, жиноятларнинг олдини олиш ва пинҳона содир этилганларини излар босилмай фош этиш, жамоат тартибини сақлаш йўлида юрт посбонлари ва ички ишлар идоралари ходимлари кўрсатаётган мардлик, жасорат ифтихорга молик. Албатта, тинчлик ва осуда турмушга замин ҳозирлашда мардлик, жасорат ва матонат намуналарини кўрсатиб, кези келганда жонини фидо этаётган юрт посбонларининг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ. Ҳарбийлар билан бирга осойишталик посбонларининг юрт сарҳадларини, тинчликни кўз қорачиғидек асрашдек машаққатли хизмати, заҳматли меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб келаётир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 29 йиллиги ҳамда 14 январ - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 январь кунидаги Фармони билан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Пробация ва жазони ижро этиш бўлими 2-жазони ижро этиш колонияси бошлиғи подполковник Акмал Джалилов “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари хизматига берилган юксак баҳодир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ ходимларга “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” I-II-III-даражали кўкрак нишонлари, “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик қўл соатлари тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, кўп йиллардан буён ички ишлар органлари ходимларига “Маърифат дарси”да уюштирган маърузалари учун Қарши давлат университети доценти Хосият Махманова ИИВнинг буйруғига асосан Ўзбекистон Респубилкаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда ички ишлар органларининг турли соҳаларида самарали хизмат қилган бир гуруҳ ходим ва ходималар нафақага кузатилиб, уларнинг елкасига тўн ёпилди.