21 Ноябр 2022 йил 378

БАРЧАНИНГ ИНСОНИЙ БУРЧИ. 

 

Шаҳрисабз туман халқ  таълими бўлимига қарашли 2-умумтаълим мактабида  “Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, уларни келиб чиқиш сабаб ва шароитлари” мавзусида ўқувчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Шаҳрисабз тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи подполковник Яшин Худойбердиев иштирок этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун бирқатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинганини билдирди. Айниқса, кейини йилларда турли “оммавий маданият” ниқоби остидаги салбий одатлар, ахборот хуружлари ана шулар жумласидан.

Ўзбекистон Республикасининг  2017 йил 8 сентябрдаги “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётганини таъкидлади. Қонунда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот жумласига болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган, шунингдек муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулоти киради. Болаларни уларнинг ҳаётига ва соғлиғига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган, одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган, ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган, жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга чақирадиган, уятли сўзларни ўз ичига олган, порнография хусусиятига эга бўлган ахборотларни тарқатганлик учун қонунда жавобгарлик белгилангани ҳақида иштирокчиларга тушунчалар берди.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар ва  тарқатувчилар томонидан, шу жумладан, етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборот маҳсулоти тоифаси белгиси «0+» ёзувини акс эттириши керак. Етти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулотига «7+», ўн икки ёшга тўлган болалар учун «12+», ўн олти ёшга тўлган болалар учун «16+», болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти «18+» ёзувини акс эттириши керак.

Юртимизда болаларни соғлиги, онги ва тафаккурига зарар етказувчи ахборот хуружларидан ҳимоялаш, уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар узлуксиз амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар узлуксиз давом эттирилиб, давлатимиз томонидан катта эътибор қаратиляпти.

Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш-бутун жамиятнинг вазифасидир. Шу боис, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот органлари, таълим тизими вакиллари  ва ота-оналар балки, барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Text to speech