Баҳорга ҳамоҳанг умр ва ижод
Она диёримизга ўзининг бор жозибаси, латофати-ю фусункор таровати билан гўзал баҳор фасли кириб келди. Байрамлар-у дилбар лаҳзаларга бой бу фаслнинг илк кунида халқимизнинг севимли ва ардоқли шоираси Зулфияхоним таваллудини кенг нишонлаймиз. Зеро, Зулфия Исроилованинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижоди ҳам баҳор билан уйғунлашиб кетгандек гўё. Шоиранинг ҳарорат билан битилган эҳтиросли сатрларида баҳор нафаси, ҳаётсеварлик руҳи уфуриб туради. Унинг шеърларида ватанга муҳаббат, инсонлардаги меҳр-оқибат, бунёдкорлик қудрати тараннум этилади, ўзбек хотин-қизларига хос бўлган вафо, пок севги ва садоқат туйғулари улуғланади. Зулфияхоним суюкли ва садоқатли ёр, фарзандларига меҳрибон она, юртига ва халқига муҳаббати чексиз шоира эди. Унинг дилбар шеърларини мутолаа қилиш, сермазмун фаолиятини, ибратли ҳаётини ўрганиш ҳар биримизни эзгуликка, нафосатга чорлайди, комилликка даъват этади.
Бугун-баҳорнинг илк кунида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қашқадарё академик лицейида ўзбек халқининг эъзозли шоираси Зулфияхоним таваллудининг 106 йиллик санаси кенг нишонланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир ўзгача руҳда, байрамона кайфиятда ўтди. Академик лицейнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Мўътабар Равшанова ҳамда Марҳабо Ераловалар барчага Зулфия Исроилованинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар айтиб, қизиқарли мушоирани бошлаб беришди. Ўқувчилар томонидан Зулфия ва Ҳамид Олимжон қаламига мансуб шеърлар ўқилди, уларнинг ибратли умридан ҳикоя қилувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. Баҳорни мадҳ этувчи қўшиқ ва рақслар эса тадбирга кўтаринки руҳ ва файз бағишлади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчиси Эралова Мархабо