Aёлдaн бошлaнaр келaжaк aсли
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносаьати билан “Аёлдан бошланар келажак асли” мавзусида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар ходимлари, вилоят Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Жасурбек Атаев очди.
Мавзу доирасида вилоят Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоир Турди Ҳайдар мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қобилиятларини юзага чиқаришлари учун зарур шарт-шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Aйниқса, сўнгги йилларда уларга эътибор янада кучаймоқда.
Ҳозирги пайтда жамият ҳаётининг ҳеч бир соҳасини хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар давлат ва жамоат ташкилотларида, сиёсий партияларда фаолият кўрсатишяпти. Aёллар орасида “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга сазовор бўлганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Улар янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида эркаклар билан баб-баравар фидойилик билан меҳнат қилишмоқда.
Бир қарашда нозикниҳол кўринган аёлларимиз ўз елкаларига Ватан ҳимояси, ҳуқуқ-тартибот муҳофазасидек машаққатли масъулиятни олишмоқда. Масалан, ички ишлар органларининг деярли барча соҳавий хизматларида уларни учратиш мумкин. Тизимда фаолияти давомида эришган ютуқлари учун давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган хотин-қизлар талайгина.
Лекин уларнинг жамият олдидаги энг буюк хизмати, энг улуғ мартабаси оналигидир. Aёллар фарзандни дунёга келтириш учун икки йўл: ҳаёт ва ўлим орасида туришади. Қолаверса, бир парча этни вояга етказгунча қанча машаққат чекишади.
Уйимизнинг фариштаси бўлган дуогўй бувижонларимиз, биз учун жонини ҳам аямайдиган меҳрибон оналаримиз, хонадонимизнинг саришта бекаси бўлган суюкли ёрларимиз, атрофимизда парвона бўладиган мунис-у мушфиқ опа-сингилларимиз бахтимизга омон бўлишсин. Уларнинг бахти, хотиржамлиги учун масъул эканимизни биз – эркаклар ҳеч қачон унутмайлик.
Тадбирда хизмат бурчига содиқ қолиб, таклиф этилган порани олмагани учун Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси майор Телман Ражабов пул мукофоти билан тақдирланди.