25 Ноябр 2021 йил 568

Aвтомашинасидан гиёҳвандлик моддаси чиқган шахс Қашқадарё вилояти Ички ишлар органлари ходимига пора бермоқчи бўлди

2021 йилнинг 24 ноябрь куни соат 10:50 ларда Қашқадарё вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ва ЙҲХБ ходимлари ўзаро ҳамкорликда Қарши шаҳар ҳудудида ўтказилаётган “Тиғ” тадбири давомида шаҳарнинг “Мустақиллик” кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган “Нексия-3” русумли автомашина амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3.27 йўл белгиси (тўхтаб туриш тақиқланади) га риоя қилмаганлиги сабабли тўхтатилиб, ҳайдовчи Қарши шаҳар “Боғишамол” МФЙда яшовчи С.И.га нисбатан  маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Тадбир режасига кўра, ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Нексия-3” русумли автомашинанинг юкхонаси кўздан кечирилганида, заҳира ғилдираги­нинг ёнида матога ўралган ҳолда турган шубҳали буюм аниқлаб олинади. “PALL MALL”  номли сигарет қутисига жойланган яшил рангли, ўткир ҳидли ўсимлик гиёҳвандлик моддаси бўлиб, 1,84 грамм тош босди.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, фуқаро С.И. ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатларни тергов органларига ўтказмаслик ва чора кўрмаслик эвазига, Қашқадарё вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони командири капитан Ойбек Амонов билан мулоқотга киришиб, 3.000.000 сўм пул беришни таклиф қилган.

Мазкур ҳолат бўйича капитан О.Амонов фуқарога бу хатти-ҳаракати қонунга зид эканлигини тушунтирсада С.И. унамайди. Ҳолат юзасидан капитан О.Амонов ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти номига билдирги билан мурожаат қилди.

Капитаннинг билдиргисига асосан, ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят прокуратураси ходимлари  ҳамкорликда 2021 йил 24 ноябрь куни соат 19:35 да ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.И. Қарши шаҳар ИИО ФМБ маъмурий биносида О.Амановга бир миллион етти юз минг сўм пулларни пора тариқасида берган вақтда ашёвий-далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан фуқаро С.И. га нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Text to speech