2 Июн 2022 йил 570

“Нурли маскан” ўқувчилари чемпионат ғолиби

    Тошкент шаҳридаги Ички ишлар вазирлигига қарашли “Жар” спорт-соғломлаштириш марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2022 йил 4 май кунидаги  фармойишига асосан, кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ўртасида “Матонат” спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларининг республика чемпионати бўлиб ўтди.

    “Инсон қадри учун” тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган мусобақада республиканинг барча вилоятларидаги “Нурли маскан” мактаб-интернатлари ўқувчилари “Матонат” спорт мусобақалари ва китобхонлик бўйича ўзаро беллашдилар.

    Спортнинг парадзюдо, шахмат, шашка, енгил атлетика ва югуриш турлари ва китобхонлик, тез айтиш ҳамда баҳрубайт йўналишларида баҳслашган “Нурли маскан” ўқувчилари бор маҳорат ва билимларини ишга солиб беллашдилар.

    Қизғин ва муросасиз ўтган спорт мусобақаларида Қашқадарё вилояти ИИБга бириктирилган Қарши шаҳридаги 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 12-синф ўқувчиси Диёрбек Майдонов парадзюдо йўналишида 60 килограмм вазнда 1-ўринни, 10-синф ўқувчилари Элёр Икромов шашка баҳсларида 2-ўринни,  Омад Эштемиров эса югуриш бўйича 3-ўринни қўлга киритди.

     Чемпионатнинг китобхонлик йўналишида тез айтиш бўйича мактаб-интернатнинг 6-синф ўқувчиси Шахзода Жумақувватова 1-ўринни қўлга киритди.

    Мусобақа натижаларига кўра умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Қашқадарё вилояти ИИБга бириктирилган Қарши шаҳридаги 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси қўлга киритди. Ғолиблар ИИВнинг кубоги, дипломлари ва қиматбаҳо совғаларбилан тақдирланди.

    Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти, шахсий таркиби ва фахрийлар кенгаши Қарши шаҳридаги 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси ва ўқувчиларини қўлга киритган ғалабалри билан муборакбод этиб, бундан кейинги ўқиш ва спорт мусобақаларида бунданда юксак марраларни эгаллаб, халқаро мусобаларда ютуқларни қўлга киритиб, жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришига ишонч билдиради.

Text to speech