16 Август 2023 йил 1814

Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев Яккабоғда секторлар раҳбарлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари билан жиноятларни олдини олиш борасида жорий йилнинг етти ойида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилишда иштирок этди


Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 28 июль куни Фарғона шаҳрида ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижросини таъминлаш орқали халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётига замин ҳозирлаш, жамиятда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, бунда маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича янгича иш тартибига ўтилиши, “Ижтимоий профилактика” бўйича маҳалла масъулларининг вазифалари ва методикасини ишлаб чиқилиб, маҳалла бешлиги фаолиятини янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади йиғилишда сўз олган бошқарма бошлиғи. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида Яккабоғ туманида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ излар”да фош этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил этди. Жумладан, жиноятлар секторлар кесимида таҳлил этилганда айрим турдаги жиноятлар, хусусан, йўл-транспорт ҳодисалари салмоғи ортгани танқид остига олинди. Бунинг олдини олиш учун серқатнов автойўлларга ҳуқуқбузарликларни аниқловчи радарлар, йўл чироқлари ва светафорлар ўрнатиш лозимлиги таъкидланди.
“Қизил ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда жиноятларни олдини олиш учун ички ишлар органлари, Миллий гвардия, “Фидокор ёшлар” ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат тунги хизматни кучайтириш, кўчалар ва савдо дўконлари атрофларига ёритиш чироқлари ва видео камералар ўрнатиш, бозор, кўнгилочар масканлар, хиёбонларда “жиноят ўчоқлари”ни аниқлаб, профилактик тадбирларни кучайтириш, фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскан”ларининг фаолиятини кучайтириб, энг оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари томонидан “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” ташкил этилишини таъминлаш вазифаси масъуллар зиммасига юкланди.
Жиноятларни фош этишда тезкор ва соҳавий хизматлар ходимларининг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини янада кучайтириш лозимлиги иштирокчиларга уқтирилди.
Туманнинг қизил тоифага кирувчи маҳаллаларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш борасида сусткашликка йўл қўйгани учун бир гуруҳ масъул ходимлар огоҳлантирилиб, бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш борасида тегишли соҳавий хизматлар ва секторлар раҳбарлари вазифадор этилиб, масъулияти оширилди.
Кенгайтирилган йиғилишда йўл қўйилган камчиликлар ошкора муҳокама этилиб, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Text to speech