18 Март 2023 йил 353

Қашқадарё вилояти ички ишлар органларида наврўзи олам байрами бўлиб ўтди  

 

Юртимизда яшариш ва янгиланиш айёми Наврўз олам кириб келмоқда. Баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик югурмоқда. Асрлар оша халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналарини ўзида мужассам этиб келаётган Наврўз миллий меросларимизни авлодлар қалбига сингдириб келмоқда.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда бошқарма раҳбарияти, вилоят Нуронийлари, фахрийлар кенгаши ва унинг шаҳар-туман аъзолари, соҳавий хизматлар ходимлари, боқувчисини йўқотганлар ва хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган ички ишлар органларининг мард ўғлонлари оила аъзолари иштирок этишди.

Наврўзи олам тадбири муносабати билан таклиф этилган меҳмонлар Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ҳовлисида байрам дастурхонига таклиф этилди. Кўтаринки кайфият, шоду хуррамликда нишонлаган байрам дастурхонига сумалак тортилди.

 Вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасида турли рақс ва саҳна кўринишлари, бошқарма тасарруфидаги “Юлдузча” мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг чиқишлари тадбирга файз бағишлади.

Танловда соҳа маликалари баҳор таомларини тайёрлаш бўйича пазандалик маҳоратларини намойиш этиб, ўзлари тайёрлаган  кўклам неъматларини намойиш этишди.

 Тадбирда воҳанинг санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга хушкайфият улашди.

Text to speech