Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёд этилиб, ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шукуҳи кезиб юрган бир пайтда юртимизнинг барча ҳудудларида Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовни хотирлаш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Бугун эрталабдан Қарши шаҳрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали пойида давлат ва жамоат арбоблари, ҳокимликлар ва ички ишлар бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик оммавий ахборот воситалари вакиллари, жам бўлиб, гулчамбарлар қўйишди.
Хотира тадбирларида ватандошларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари Ислом Каримовнинг мустақил Ўзбекистон давлатини барпо этиш борасидаги буюк хизматларини яна бир бор эсга олдилар. Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ҳам катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилган эди.
Ислом Каримо ўз фаолияти, бутун онгли ҳаётининг маъно-мазмуни бўлган "Биздан озод ва обод Ватан қолсин!" деган эзгу ғояни илгари сурди ва бу шиор барчамизнинг, бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди. Улуғ Йўлбошчимиз ана шу буюк вазифани ҳамма вақт, ҳар қандай вазиятда ҳам шараф билан адо этди, бу йўлда беқиёс куч-ғайрати ва ақл-заковатини, керак бўлганда, ҳатто азиз жонини ҳам аямади. У бутун умр "Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак" деган даъватга амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратиб кетди.
Ўзининг ноёб истеъдоди, доимо узоқни кўзлаб иш юритиши, донишмандлик ва олижаноблик фазилатлари билан барчамиз учун эл-юртга чексиз меҳр ва садоқат тимсоли бўлиб қолди.
Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди.