Қарши туманида ичкилик оқибатида юз берган жиноятлар муҳокама қилинди
Қарши тумани ҳокимлигида “Хавфсиз ҳудуд” тадбири доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, рўй берганларини фош этиш, ҳудудларда “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги ишларнинг муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ИИВ ишчи гуруҳи, вилоят ИИБ, тумандаги тўртта сектор раҳбарлари, оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, соғлиқни сақлаш тизимидаги нарколог-шифокорлар, пробация назоратида турган, муқаддам судланганлар, енгил табиатли ва мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилувчи шахслар ҳамда яқинда жиноят содир этган шахсларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Ж.Атаев очиб, кейинги пайтларда фуқаролар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, қариндошлик, инсонийлик каби хислатларга дарз кетаётганини билдирди. Негаки, кейинги вақтларда содир этилаётган аксар жиноятлар оила турмуш доирсида ёки мунтазам спиртли ичимликлар истеъмол қилиш таъсирида юзага келаётганини таъкидлади. Жумладан, туманнинг “Пахтакор” МФЙда яшовчи Асаб-руҳий касалликлар диспансерида ҳисобда турувчи Ш.П ва “Пахтазор” маҳалласида яшовчи А.Т.лар узлуксиз равишда оила аъзолари билан жанжаллашиб келган. Ҳар иккала шахс ҳам оилабоши бўлишига қарамай, арзимаган ҳолатларда ҳам жанжалга баҳона қидириб, оила аъзолари билан тортишувни юзага келтирган.
Ш.П Асаб-руҳий касалликлар диспансерида ҳисобда турсада, мунтазам ўзини идора қиломай қолиш даражасигача спиртли ичимлик истеъмол қилишни канда қилмаган. Натижада кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек, муттасил давом этиб келган даҳанаки тортишувлар, асабийлашиш ва сархушлик ўз кучини кўрсатиб, Ш.П оғир тан жароҳати етказиш жиноятини содир этган.
А.Т содир этган жиноят ҳам айнан юқоридаги ҳолатга ўхшаш. Фақат бунда жабрланувчи спиртли ичимликка рўжу қўйган. Ўртадаги низо қариндошларнинг ўзаро мол-мулк талашиши туфайли юзага келган. Муттасил равишда жабрланувчи спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда қариндошининг олдига келиб мол-мулкини номига ўтказиб беришини талаб қилиб келган. Натижада ўрнини жаҳл эгаллаб мазкур жиноят юзага келган.
Мазкур жиноятларнинг олдини олиш мумкин эди. Оила-турмуш доирасида содир этилаётган жанжалларни қўни-қўшни, қариндош-уруғ билади-ку. Нега бу ҳақда вақтида маҳалла мутасаддиларига, профилактика инспекторига хабар бермагани ажабланарли. Бундан кўринадики, айрим маҳаллаларда сен менга тегма, мен сенга қабилида иш тутилаётганидан дарак беради. Бу борада маҳалланинг масъул мутасаддиларидан ҳолат бўйича изоҳ сўралди. Қолаверса, Асаб-руҳий диспансерида ҳисобда турган руҳий беморнинг ҳолидан нега патронаж ҳамширалари вақтида хабар олмаганини қандай изоҳлашга ҳайронсан, киши.
Ичкилик ҳар қандай иллатни вужудга келтирувчи омиллардан бири. Шу боис маҳаллада яшовчи фуқароларнинг одати, турмуш тарзи, оилавий муаммоларини маҳалла фаоллари яхши билиши лозим. Кези келганда спиртли ичимликка муккасидан кетган, руҳиятида ўзгариш бўлган шахсларни мажбурий тиббий-профилактик кўрикдан ўтказиш, даволаш ишларини ташкил этиш ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиши шубҳасиз.
Муҳокама йиғилишида ИИВ ишчи гуруҳи масъул ходими, подполковник Д.Азизов иштирок этди.