26 Август 2021 йил 458

Қарши шаҳрида оғир ва ўта оғир жиноятларни олдини олиш борасида кенг қамровли кучайтирилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда

 

Қарши шаҳар маданият ва маърифат марказида вилоят ИИБ, Қарши шаҳар ИИО ФМБ, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органлари, кенг жамоатчилик вакиллари, Ёшлар иттифоқи, спорт ва умумий овқатланиш соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар, спортчилар, жиноятга қўл урган ёшларнинг ота-оналари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Жасур Атаев иштирок этиб, Қарши шаҳарида криминоген вазият - ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, рўй берганлари фош этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай оғир, ўта оғир ҳамда безорилик жиноятларининг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни атрофлича таҳлил этди.

   Шу йил 23 август куни соат 20.50лар атрофида Касби туман Новқат қишлоғида яшаган муқаддам судланган Р.Ш. Қарши шаҳар А.Темур МФЙ ҳудудида жойлашган “Рубай” кафесида шаҳарнинг Мағзон МФЙда яшовчи К. А. билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Натижада К.А. Ш.Р.ни чап кўкрак қисмига, кафе ошхонасидан олган пичоқ билан оғир тан жароҳати етказган. Натижада Р.Ш. шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан 24.08.2021 йилда К.А. га нисбатан Ўз.Р ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят содир этган шахс қамоққа олинган.

Касални даволашдан кўра, олдини олган афзал деганларидек, юқорида келтирилган жиноятлар асосан спорт тўгаракларида ва мустақил шуғулланиб келаётган ёшларнинг тўқликка шўхлик, ўзаро куч синашиш натижасида ўртада келиб чиққан келишмовчиликлар сабаб бўлаётганини таъкидлади. Бу тоифадаги ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, ёшлар ўртасида спорт билан шуғулланишни тўғри тарғиб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаси.

  Муҳокамада жамоат жойида, кўпчиликнинг кўз ўнгида содир этилаётган жиноятларни асосан бирор жойда ишламайдиган, ота-она ва маҳалла-куй назоратидан четда қолган ёшлар томонидан содир этаётгани айтиб ўтилди. Қолаверса, маҳалла фаоллари, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти вакиллари ишсиз ёшларни рўйхатга олиб, бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётгани танқид остига олинди.

Келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши борасида тегишли мутасадди идоралар вакилларига тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди. Бир болага етти маҳалла ота-она шиори қоғозда эмас амалда намоён бўлиши учун барча бирдек масъуллиги иштирокчиларга тушунтирилди.

Тадбир доирасида Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Жасур Атаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қарши шаҳридаги бир нечта спорт тўгараклари – оғир атлетика, фитнес ва шу каби бир қатор спорт тўгаракларига ташриф буюриб, мураббий ва спортчилар билан суҳбатлашди. Уларга спорт ёвузликка эмас, эзгуликка хизмат қилиши ғояси атрофлича тушунтирилди.

Бу йўналишдаги йиғилишлар жойларда давом этмоқда.

Text to speech