Шаҳрисабз шаҳри - “2024 йил - Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти”
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган
Шаҳрисабз шаҳри - “2024 йил – ИҲТ туризм пойтахти” сифатида эълон қилиниб,
жорий йил 25-26 апрел кунлари ташкилотга аъзо давлатлар аъзолари иштирокида
халқаро форум бўлиб ўтди.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусрав
Нозирий бошчилигида Туркия, Эрон, Тожикистон, Покистон, Қирғизистон,
Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжон мамлакатларидан келган меҳмонлар ва
тадбир иштирокчилари Шаҳрисабз шаҳрининг
“Дор ут-Тиловат”, Дор ут-Сиёдат”, “Оқсарой” мажмуалари, Чубин мадрасида
жойлашган Амир Темур ва Темурийлар даврига оид музей, Амир Темур монументи каби
бошқа тарихий обидаларга ташриф буюришди.
Шундан сўнг меҳмонлар “Шаҳрисабз – Иқтисодий
ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” мавзусида аъзо давлатларнинг етакчи
рассомлари иштирокида “плэнер” натижаларига бағишланган 9 та давлатнинг 22
нафар таниқли рассомлари иштирокида кўргазмани кўздан кечиришди.
“Shakhrisabz Culinary Competition” – ИҲТга аъзо давлатлар ошпазлари
ўртасида халқаро гастрономик фестивалда 30 дан ортиқ ошпазлар ўз давлатларининг
ўзига хос миллий таомлари билан қатнашишди.
Иккинчи куни “International folk” халқаро
фестивали доирасида тарихий марказ ҳудудида 9 та давлат фольклор жамоаларининг
ҳамда вилоятнинг фольклор жамоалари томонидан турли чиқишлар амалга оширилди.
Шундан сўнг “ИҲТ давлатлари
“Халқаро этноспорт биринчи ўйинлари”га старт берилди. Фестивалга ҳар бир
давлатдан 4 та этноспорт тури бўйича спортчилар қатнашишди.
Шу куни Шаҳрисабз шаҳрига 2024
йилда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” мақоми сертификати тантанали равишда топширилди.
ИҲТга аъзо мамлакатлар ёш
дизайнерлари иштирокида “Modest fashion show”
ва саҳналаштирилган маданий концерт дастури намойиш этилди.
Халқаро фестиваль иштирокчилари,
хорижий ва маҳаллий журналистлар
Шаҳрисабз туманида бунёд этилаётган туристик марказ фаолияти ҳамда янги
лойиҳалар билан танишиш мақсадида “Мираки” шаҳарчасига ташриф буюришди.
Туризм ҳафталиги доирасида ташкил
этилган халқаро анжуман ташкилотчилари ва бошқа вакиллар, хорижий ҳамда
маҳаллий журналистлар сўлим, баҳаво “Мираки” маҳалласида ташкил этилган
сайёҳлик имкониятлари билан танишишди.
“Туризм ҳафталиги” доирасида энг
яхши фаолияти олиб борган “Мираки” маҳалла фуқаролар йиғини раисига Ўзбекистон
Республикаси Туризм қўмитасининг “Туризм маҳалласи” мақоми сертификати
тантанали равишда топширилди.
Шу билан Шаҳрисабз шаҳри - “2024
йил – ИҲТ туризм пойтахти” мақоми доирасида халқаро тадбирлар якунланди.
Халқаро иқтисодий ва маданий
тадбирга ташриф буюрган 416 нафар хорижий ва 29.000 дан ортиқ хорижий ва
маҳаллий иштирокчилар, сайёҳлар, делегация аъзоларини хавфсизлигини намунали
таъминланди.
Хизматга вилоят ИИБ Хавфсиз
туризмни таъминлаш бошқармаси шахсий таркиби тўлиқ жалб қилиниб, ходимлар
томонидан тадбирлар ўтказиладиган жойларда ташриф буюрган иштирокчилар, хорижий
ва маҳаллий сайёҳларга турли йўналишларда амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг
ҳаракат йўналишларида патруллик кузатувини таъминлаш каби бир қатор вазифалар
амалга оширилди.
Ички ишлар органлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи
идоралар ходимлари томонидан олиб борилган фидокорона хизмат давомида хорижий
ва маҳаллий фуқароларга нисбатан ёки улар томонидан жиноят содир этилишига йўл
қўйилмади, шунингдек, кўнгилсиз воқеа-ҳодисалар қайд этилмади.