Қарши тумани ИИБ бошлиғи Сафаров Нурбек Абдивалиевичнинг туман аҳолисига мурожаати
Ҳурматли тумандошлар!
Қарши туманида криминоген вазиятни яхшилаш,
жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жамоат
тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш
борасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан бир қатор ишлар амалга
оширилиб келаётганлиги ҳаммамизга маълум.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович
Мирзиёев таъкидлаганларидек “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”
деган шиор асосида ички ишлар органлари ходимлари билан туну-кун ҳамкорликда
хизмат олиб боришингиз лозим.
Ички ишлар органлари ходимлари зиммасига
юклатилган вазифаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ҳалқ билан
яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш энг муҳим вазифалардан бири саналади.
Маълумки, замонавий дунёни турли хил
технологиялардан фойдаланмасдан тасаввур қилиб бўлмайди, ахборот маконидан
фойдаланувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда натижада бутун инсоният
сингари жиноят олами хам ривожланиб, ахборот технологиялари сохасини мукаммал
ўрганган бази бир шахс ёки гуруҳлар томонидан жиноятларнинг янги тури – кибер
жиноят дунёга келди.
“Кибер жиноятлар кўча жиноятларини ортда
қолдирди” ва айни вақтда энг асосий муаммога айланди.
Кибер хужумлар ва кибер фирибгарлар “янада
яқиндан, профессионал ва баркамол ҳаракат қила бошлади”, ҳуқуқ-тартибот идоралари
ходимлари учун кибер жиноятларга қарши кураш биринчи ўринда туради.
Бугунги
кунга келиб киберфирибгарлар ижтимоий тармоқ орқали фуқароларни ишонтиришнинг
турли ҳил усулларини ўйлаб топмоқдалар. Кибержиноятлардан жабрланиб қолмаслик
учун эса доимий равишда киберсаводхонлигингизни ошириб боринг.
- пул эвазига номингизга банк пластик картаси
очиб уларга сотишни таклиф қилаётган фирибгарлар келгусида ушбу пластик
карталар орқали ўзгаларнинг пул маблағларини ўзлаштириб олаётганликларини
унутманг
- яқин танишларингизнинг аккаунтидан “Сенинг
расмларинг.апк”, “Сени телевизорда кўрсатишяпти.апк”, “Тўйга таклифнома.апк”
каби номлар остида келаётган зарарли .апк иловалар ва шубҳали ҳаволаларни
устига босманг ва мобил қурилмангизга ўрнатманг
- ижтимоий тармоқдаги канал ва гуруҳларда қисқа
муддатда пулингизни бир неча баробарга кўпайтириб беришни ваъда қилаётган ўзини
сохта трейдер, бизнесмен, букмекер ва бошқа соҳа вакили сифатида таништираётган
фирибгарларга ишониб пулларингизни “кўк”ка совурманг
- онлайн савдо платформаларида баҳоси ўз
нархидан анча арзон қилиб кўрсатилган буюмларга харид қилишга шошилманг
- “омадли ўйин иштирокчиси” “акция ғолиби”
бўлдингиз каби ёлғонларга ишониб совғани қўлга киритиш учун аслида
фирибгарларга пул бераётган бўлишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг
- ижтимоий тармоқлардаги аккаунт ва
профилларингизга ўзингиз ва оила аъзоларингиз ҳамда бошқа шахсингизга оид
бўлган маълумотларни жойламанг. Келгусида айнан ушбу эҳтиётсизлик туфайли сиз
кибертовламачилик қурбони бўлишингиз мумкин
- яқин танишларингиздан кимдир сизга ижтимоий
тармоқ орқали қарз сўраб мурожаат қилса хабарнинг ҳақиқийлигини текширмасдан
олдин берилган пластик картага пул ўтказманг
- сизга
совға юбораётган чет элда яшовчи узоқ қариндошингиз борлиги, ўлишидан олдин
барча бойлигини сизга васият қилиб қолдирмоқчи бўлаётган қўштирноқ ичидаги
миллионерларга ишониб бор-будингиздан айрилиб қолманг
- ижтимой тармоқларда катта миқдордаги ойлик
маош эвазига онлайн иш таклиф қилаётган шахслар алдовига учиб шахсингизни
тасдиқловчи ҳужжатларни бегона шахсларга юборманг.
Номингиздаги банк пластик картаси ва уни мобил
илова орқали бошқаришда талаб этиладиган хавфсизлик қоидаларига, ижтимоий
тармоқлардан фойдаланиш маданиятига доимо амал қилинг. Осон бойлик орттиришни
ваъда қилаётган исталган турдаги фаолият билан боғлиқ эълонларга шубҳа билан
қаранг. Зеро бойлик доимо меҳнат ортидан келади. Пешона терингиз билан
топаётган пулларингиз фақат яхши кунингизга хизмат қилсин! Саломат бўлинг!