2 Июл 2022 йил 315

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР БИЛАН ТАРБИЯВИЙ ТАДБИРЛАР


Давом этаётган “Интизом ойлиги” доирасида Қарши шаҳридаги ИИВ 7256-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жанговар тайёргарлик ва хизмат интизомига риоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қўшин қўмондонлиги ишчи гуруҳи, ҳарбий қисм раҳбарияти, барча бўғин командирлари ва ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.
Тадбирда қўшин қўмондонининг ўринбосари полковник Н.Пирмаматов 2022 йил чақирувидаги муддатли ҳарбий хизматчилар билан яқиндан мулоқот қилиб, хизматда талабчанликни ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини ўрганиш, дунёдаги ва минтақамиздаги ҳарбий-сиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда жанговарликни ташкиллаштириш бўйича йўриқнома ўтди.
Ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, коррупцион ҳолатларга муросасиз бўлиш, ҳарбий интизом ва ахлоқий тарбияни мустаҳкамлаш, шахсий хавфсизлик ва оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар ўртоқлашилди. Ҳарбий хизматчиларнинг хизмат гувоҳномалари, хоналари кўздан кечирилди.
Сўнгра, ишчи гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг хонадонига ташриф буюриб, оилавий шарт-шароитлар билан танишди.

Text to speech