Амир Темурга эҳтиром
Соҳибқирон, буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудини кенг нишонлаш мақсадида мамлакатмизда кенг қамровли тадбирларга тайёргарлик ишлари қизғин кетмоқда. Яқинда Шаҳрисабз шаҳрида буюк давлат арбоби, ислоҳотчи, адолат учун толмас курашчи, илм-фан ва маданият раҳнамоси Амир Темур таваллудининг 685 йиллигини муносабати билан Шаҳрисабз шаҳар Маданият марказида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, бошқарма Фахрийлар кенгаши, олий таълим профессор ўқитувчилари, Шаҳрисабз шаҳар, Китоб ва Шаҳрисабз туман ИИБ, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари жам бўлишди.
Ички ишлар органлари тизимда маьнавий-маьрифий тадбирлар ўтказиш режасига кўра ташкил этилган тадбирда сўз олганлар, Амир Темур бетакрор давлат бошқаруви доно ва оқил сиёсати маҳсули “Темур тузуклар”ни авлодларга мерос қолдиргани, ўзбек миллий анъана ва қадриятларини тиклаган маданият ва маърифат ҳомийси, кучли сиёсатчи сифатида жаҳоннинг етук саркардалари қаторида эканлигини эътироф этишди.
- “Куч – адолатда” шиори бутун Амир Темур давлатида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди. Натижада марказий Осиё ҳудудларини ягона давлатга бирлаштириб, Ҳиндистон, Сирдарёдан Зарафшонгача, Тяншандан Босфоргача бўлган ҳудудларни ўз бошқарувига олди, - деди тадбирда сўз олган вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Шермухаммад Муслимов. - Соҳибқирон давлатида савдо ва сайёҳлар хавфсизлиги тўлиқ таъминланди. Жангу жадалларда мағлубият кўрмаган Амир Темур “Ким қудратимизга шубҳа қилса, биз қурдирган иморатларга боқсин” дея бежизга таъмидламаган. Зеро, Амир Темур ҳукмронлиги бунёд этилган ҳайбатли меъморий обида ва бинолар ҳануз ўз салобатини йўқотмаган.
Амир Темур мамлакатни бошқариши, саркардалик маҳорати ва ҳарбий санъати акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Истеъфодаги майор Боймирза Равшанов ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Сўнгра тадбир иштирокчилари Шаҳрисабз шаҳар Оқсарой хиёбонидаги Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур музейига ташриф буюрганлар бундан беш юз йил олдин европалик олимлар Амир Темур ва унинг давлатчилиги ҳақида китоб битгани соҳибқироннинг нақадар бетакрор ва бемисл саркарда бўлганлиги шоҳиди бўлишди. Буюк Рембрант Бобурийлар замонидаги ҳинд миниатюраларидан илҳомланиб, Амир Темурни ворислари Умаршайх, Бобур, Ҳумоюн ва Акбар даврасида тасвирлаган суратлари, бугун жаҳоннинг элликдан ортиқ мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. Амир Темур ҳақида Европа тилларида 500, Шарқ тилларида эса 900 ортиқ асарлар битилгани ҳақида музей мутахассисининг фикрлари тингланди.
Бир сўз билан айтганда тадбир иштирокчиларининг соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳақидаги билим ва кўникмалари янада бойиди.