Ҳам ҳордиқ, ҳам маънавий озиқ
Ички ишлар вазирининг жорий йил 25 мартдаги фармойишига биноан, шу йилнинг 2 апрелидан 2 май кунига қадар мамлакатимизнинг барча ички ишлар органларида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” шиори остида “Маънавият ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик режасига асосан ички ишлар органлари ходимлари “Маънавият маршрути” доирасида вилоятдаги қатор тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, театр ва кино, истироҳат боғларига ташриф буюриб, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқармоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизматлари ходимлари ҳам ойлик доирасида вилоят мусиқали драма театрида Шукрулла Маҳкамов қаламига мансуб “Хазина” номли спектаклни томоша қилишди. Жиддий ҳаётий воқеаларни юмор орқали томошабинга етказиб берувчи спектакл ички ишлар органлари ходимларига ҳам ҳордиқ, ҳам маънавий озиқ бўлди.