ҚАДИМИЙ ВА НАВҚИРОН ХОРАЗМГА САЁҲАТ
Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-марифий билимларини ошириш, миллий тарихимизни ўрганиш, дунёқарашини бойитиш мақсадида Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан соҳавий хизматларнинг бир гуруҳ ёш ходимлари ва фахрийлар қадимий ва навқирон Хоразмга саёҳат уюштиришди.
Дастлаб ходимлар нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун жаҳонда Хива “Ичан Қалъа” музей-қўриқхонаси номи билан 1990 йил 12 декабрда жаҳон маданий мероси ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига кирган, қадимдан то бугунги кунгача бўлган Хоразм тарихи, маданияти, амалий санъати, ҳунармандчилиги ва адабиётини ўзида жо этган, элликдан ортиқ тарихий маданий ёдгорликни ўз ичига олган мажмуада бўлишди.
Мозийда ўзига хос тамаддун, илм-фан ва маданият маркази бўлган Хоразмшоҳлар пойтахти - Хива шаҳрининг юзага келиш тарихи ва асослари билан танишдилар. Тарихда шаҳарнинг ободончилиги, мадраса ва масжидлар, карвонсаройлар ва бошқа тарихий биноларнинг қурилиши, услуб ва андазалари ҳақида иштирокчиларга атрофлича тушунчалар берилди.
Тарих силсиласидан бизгача етиб келган, авлодларимизнинг ақлу-закоси ила бунёд этилган бундай муҳташам ва салобатли меъморий ёдгорликлар мустақиллик туфайли яна сайқалланибди, - дейди вилоят ИИБ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси, подполковник Қиёмхон Омонов. – Мажмуанинг айрим қисмлари мустақиллик йилларида қайта таъмирланиб, чиройли манзара кашф этган. Шу боис бу масканлар ҳамиша меҳмонлар ва зиёратчилар билан гавжум.
Иккинчи куни Урганч шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, маъданий марифий марказлари билан танишган саёҳатчилар Хоразм тарихида мард ва жасурлиги билан ўчмас из қолдирган, шаҳарнинг истироҳат боғида ҳайкали ўрнатилган шаҳзода Жалолиддин Мангуберди, Авесто ёдгорлиги мажмуаси билан яқиндан танишдилар.
Саёҳатчилар шаҳардаги мажмуалар ҳақида қимматли маълумотлар билан бирга ғаройиб таассуротга эга ҳам эга бўлишди.
Бундан ташқари, саёҳатчилар Шовот туманида жойлашган тасаввуф оламининг йирик вакили Юсуф Хамадоний ва Бухоро вилоятидаги Баҳовуддин Накшбанд зиератгоҳида бўлиб, қимматли маълумотлар билан бирга бир олам таассуротга эга бўлишди.