18 Март 2021 йил 856

“Абдулла Орипов – миллат шоири”

Ўзбек шеъриятининг буюк дарғаларидан бири – миллатимизнинг ардоқли ва севимли шоири Абдулла Ориповнинг бетакрор ижоди, дилбар шеърияти руҳиятимизга ажиб илиқлик, мусаффолик бахш этади, инсонийлик ва эзгулик туйғуларини сингдиради. Шоирнинг миллат ва она юртга муҳаббат, баҳор таровати, пок инсоний ҳис – туйғулар тараннум этилган тенгсиз ижоди ҳар биримизни маънавий юксалишга чорлайди, сўз санъатининг бор жозибасидан, латофатидан баҳраманд этади.

         Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Орипов ҳаёт бўлганларида бу йил 80 ёшни қаршилаган бўлар эдилар. Шу муносабат билан  бутун мамлакатимиз бўйлаб ўзбек халқининг ардоқли шоири Абдулла Ориповнинг таваллуд санаси кенг нишонланмоқда.

         17 март куни Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейида “Абдулла Орипов – миллат шоири” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Кадрлар бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими, шоирлар, ИИВ академияси курсантлари, вилоят ИИБ Фахрийлари кенгаши аъзолари, Республика Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими, Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг ўқувчилари ҳамда ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодининг инсон камолотидаги, ёшлар тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб, шоир ҳақидаги илиқ хотиралари билан ўртоқлашдилар. Тадбир ҳеч бир муболағасиз ҳақиқий адабиёт байрамига, шеърий мушоирага айланиб кетди. Шоир қаламига мансуб шеърлар ўқилди, академик лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчилари ижросида шоир шеърлари билан айтиладиган дилбар тароналар янгради. Шунингдек, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмаси асосида тайёрланган саҳна кўриниши ҳам барчада яхши таассурот қолдирди.

Шу куни тадбир доирасида вилоят ИИБ ходимлари, академик лицейнинг ўқувчилари ва фахрийлар кенгаши аъзолари Абдулла Орипов номли ижод мактабига ташриф буюриб, шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Шундан сўнг Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган шоирнинг ҳаёти ва фаолиятига оид музей ва ундаги нодир экспонатлар билан танишдилар.

Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech