25 Июл 2024 йил 632

Қашқадарё вилояти ИИБда Вазир ўринбосари полковник Рамазон Ашропов иштирокида ҳисобот йиғилиши ўтказилди

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг биринчи ярми якунига бағишланган таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашропов вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, барча соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, бўлинма бошлиқлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби видеоселектор орқали қатнашди. Йиғилишда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Бахтиёр Ражаповнинг  ўтган олти ой давомида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари сўзга чиқиб, коррупция ва тамагирликка йўл қўймаслик, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш борасида раҳбариятнинг қатъий талаб ва топшириқларини ходимларга етказди. 

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятда жамоат тартибини сақлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, мол-мулк дахлсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Фаолиятда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, жиноятчиликнинг айрим турлари ошган шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари  раҳбарларига бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди. Кўлами кенг йиғилишда хизмат давомида камчиликларга йўл қўйган соҳавий хизматларнинг айрим ходимлари фаолияти муҳокама этилиб, тегишли жазо чоралари белгиланди. 

Бириктирилган ҳудудда жиноятларнинг олдини олиб, хизматда муваффақиятга эришган, коррупцион ҳолатларни олдини олиб, ички ишлар органларининг имиджини оширишга қўшга ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар бошқарма бошлиғининг “Фахрий ёрлиғи” ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Ҳисобот йиғилишида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига подполковник Рустамжон Дўсматов тайинланди.

Text to speech