6 Март 2024 йил 608

Қашқадарё вилояти ИИБда ҳам 8 март – Халқаро хотин –қизлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Юртимизда баҳор бошланди. Она табиат уйғониб, атрофни яшиликка буркамоқда. Яшариш ва янгиланиш айёмининг бошланиши 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан янада ўзгача уйғунлашиб, дилларга фараҳбахшлик улашмоқда. 

Шу кезларда барча жойларда бўлгани каби Қашқадарё вилояти ИИБда ҳам 8 март – Халқаро хотин –қизлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Гўзаллик ва нафосат айёмига бағишланган байрам тадбирига бошқарма соҳа хизматларида фаолият юритаётган барча хотин-қизлар, фахрий онахонлар ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари таклиф этилди.

Тадбирни бошқарма бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов очиб, Ички ишлар вазирининг соҳа маликаларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Ички ишлар органларининг турли соҳаларида осойишталик барқарорлигини  мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилаётган хотин - қизларни эзгулик, гўзаллик, меҳру муҳаббат айёми билан муборакбод этди. Эл осойишталигини таъминлашда эркаклар билан елкама-елка туриб хизмат қилаётган бир гуруҳ хотин-қизларга Ички ишлар вазирлигининг  “Аъло хизматлари учун”, II-III-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, Фахрий ёрлиқ ва қўл соати, навбатдаги махсус унвон ҳамда пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғаларини топширилди.

- Мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром ниҳоятда ортди, - дейди бошқарма Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари, подполковник Зарина Кенжаева. –хотин-қизларга яратилган имкониятлар, жамиятда аёлларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳаларида ўз иқтидорларини намоён этиши учун яратилган шарт-шароитларни санаб адоғига етиш қийин. Ўз навбатида хотин-қизлар ҳам ички ишлар органларида эркаклар билан елкама-елка хизмат қилиб, юрт корига камарбаста бўлмоқда.  

Байрам тадбири Қарши шаҳридаги «Асл» чойхонасида бир пиёла чой устида давом этди. Унда иштирок этган бир гуруҳ вилоят санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Text to speech