Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Исмоилов Абдувохид Саломовичнинг байрам табриги
Ўз ҳаётини Ватан ҳимояси, эл осойишталиги, юрт тинчлигини таъминлашдек улуғ ишга бағишлаган Сиз, азму шижоатли Ички ишлар органлари ходимларини, барча фахрийларимизни ҳамда уларнинг оила-аъзоларини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг
34 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.
Президентимизнинг байрам муносабати билан йўллаган
табрикларида Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Бу оламни яратишдан мақсад – инсон
эди, уни бахтли кўриш эди”, деган фикрларини бежизга келтирмадилар.
Халқимиз асрлар давомида орзу қилиб, курашиб ўтган инсон
қадрини улуғлаш, уни бахтли қилиш – барча ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунини
ташкил қилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ички ишлар
органларида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида халқ манфаатларига
хизмат қиладиган, энг асосийси, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг
кафолати бўла оладиган янги тизим яратилиб, амалда ўз натижасини кўрсатмоқда.
Бундай ютуқларнинг биринчи омили сифатида халқимизнинг
тинч-хотиржам ва осойиштаҳаёт кечириши учун машаққатли ва масъулиятли ишни
шараф билан адо этаётган ички ишлар органлари ходимларининг хизматини эътироф
этмасдан бўлмайди.
Бугунги кунда юртимизда “Инсон қадри учун” шиори асосида
амалга оширилаётган ишлар дунё жамоатчилиги эътирофига сазовор бўлмоқда.
Айниқса, бу Ички ишлар органлари тизимида ҳам асосий мақсадга айланган.
Ўз навбатида ички ишлар органлари ходимларининг хизмати
ҳукуматимиз ва вазирлик раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантириб келинмоқда.
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғоя асосида
бўлиб ўтаётган Давлатимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги байрами жойларда давом
этмоқда.
Ватан учун, унинг тараққиёти, тинчлиги, ободлиги ва
барқарорлиги ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган масъулиятли ва
шарафли ишларингизда улкан зафарлар тилайман.
Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон, осмонимиз
доимо мусаффо бўлсин !