24 Октябр 2024 йил 1153

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Саломович Исмоиловнинг 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни байрами муносабати билан табриги

Ҳурматли ҳамкасблар!

 

Ўз ҳаётини Ватан ҳимояси, эл осойишталиги, юрт тинчлигини таъминлашдек улуғ ишга бағишлаган Сиз, азму шижоатли ички ишлар органлари ходимларини, таълим муассасаси ўқитувчиларини, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларимизнинг оила аъзоларини “25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни” байрами муносабати билан самимий муборакбод этаман.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ички ишлар органларида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида халқ манфаатларига хизмат қиладиган, энг асосийси, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг кафолати бўла оладиган янги тизим яратилиб,  амалда ўз натижасини кўрсатмоқда.

Бундай ютуқларнинг бош омили сифатида халқимизнинг тинч-хотиржам ва осойишта ҳаёт кечириши учун машаққатли ва масъулиятли ишини шараф билан адо этаётган ички ишлар органлари ходимларининг хизматини эътироф этмасдан бўлмайди.

Бугунги кунда юртимизда “Инсон қадри учун” шиори асосида амалга оширилаётган ишлар жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлмоқда. Ўз ўрнида бу шиор Ички ишлар органлари тизимида ҳам асосий мақсадга айланган.

Ходимларимиз кунларни тунларга улаб, криминоген вазиятни жиловлаш, жиноятларни олдини олиш, фош этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек вазифаларни садоқат билан бажариб келмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг ички ишлар органлари ходимларига йўллаган байрам табригида Ишончим комил, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этадиган ички ишлар органи ходими эл-юрт ўртасида албатта муносиб обрў-эътибор топади дея бежизга таъкидламадилар.

Халқимизда, меҳнат қилган элда азиз деганларидек, Ватан тинчлиги, эл осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали хизмат қилиб келаётган ички ишлар органлари бир гуруҳ ходимлари Давлат мукофотлари билан мукофотланганлиги воҳа осойишталик посбонлари хизматига берилган юксак баҳодир.


Ватан, унинг тараққиёти, тинчлиги, ободлиги ва барқарорлиги ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида қилинган хизмат ҳеч қачон унутилмайди.

Барчангизга олиб бораётган ушбу масъулиятли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.

Сизларга оилавий бахт, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, дастурхонингизга қут-барака тилайман.

Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин !

Text to speech