Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Қарши шаҳрида тунги ўрганишлар олиб борди
Воҳа маркази - Қарши шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, осойишталикни мустаҳкамлаш, криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, рўй берганларини фош этиш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, ҳудудларда тинчликни таъминлашда йўл қўйилган камчиликларни таҳлил этиб, бартараф этиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов томонидан ўрганишлар олиб борилди.
Қарши шаҳар “Шодлик” маҳалласининг Мустақиллик ва “Насаф” кўчалари кесишган чорраҳада бўлган бошқарма бошлиғи ҳудудда осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олишда белгиланган ҳудудларда хизмат ўтаётган тунги пиёда ва автопатруль ходимларнинг бириктирилган бошқарма соҳавий хизматларнинг ҳамкорликдаги тунги хизмат жараёни билан танишди.
Бошқарма бошлиғи ҳудуд профилактика инспектори билан суҳбатлашиб, одамлар гавжум тўпланадиган жойлар, кўнгилочар масканлар, ресторан ва тунги клублар атрофида ички ишлар ва миллий гвардия ходимларини хизматини кучайтириш, керак бўлганда қўшимча кучларни хизматга жалб этиш борасида йўриқномалар берди.
“Насаф” кўчаси бўйлаб юриб тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг қонунбузарликларни олдини олиш борасидаги хизматини кўздан кечириб, криминоген вазиятни таҳлил этди.
Қарши шаҳридаги аҳоли гавжум “Чўлқувар” маҳалласида ҳам бўлиб, профилактика инспекторининг тунги хизмат ўтаётгани жараёнини ўрганди. Аҳоли доим гавжум бўладиган бу маҳаллада бир қатор ресторан, кафе ва кўнгилочар масканлар бўлиб, қонунбузарликлар содир этиш эҳтимоли юқорилигини инобатга олган ҳолда фуқаролар ўртасида “ижтимоий профилактика”ни кучайтириш лозимлиги ҳақида раҳбарлар ва профилактика инспекторига тегишли тавсия ва йўриқномалар берди.