Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Саломович Исмоиловнинг 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни байрами муносабати билан табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасблар,
азиз фахрийлар!
Азму шижоат билан ўз ҳаётини Ватан ҳимояси, эл осойишталиги, юрт тинчлигини таъминлашга бағишлаган ички ишлар органлари ходимларини, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларимизнинг оила аъзоларини “25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни” байрами муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Ўтган даврда ички ишлар органлари халқ манфаатларига хизмат қиладиган, энг асосийси, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг кафолати бўла оладиган янги тизимга айланиб, фуқароларнинг тинч-хотиржам ва осойишта ҳаётига замин ҳозирланмоқда. Бунда машаққатли ва масъулиятли ишини шараф билан адо этаётган ички ишлар органлари ходимларининг хизматини эътироф этмасдан бўлмайди.
Ходимларимиз кунларни тунларга улаб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, криминоген вазиятни жиловлаш, жиноятларни олдини олиш, фош этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек вазифаларни садоқат билан бажариб келмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Ички ишлар органлари ходимларига йўллаган табригида “Ушбу қутлуғ айёмда, аввало, Ватан олдидаги муқаддас қасамёдингизга доимо содиқ қолиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида ўз зиммангиздаги ғоят муҳим вазифаларни юксак масъулият билан адо этиб келаётганингизни алоҳида таъкидлашни истардим” дея бежизга таъкидламадилар.
Халқимизда, меҳнат қилган элда азиз деганларидек, Ватан тинчлиги, эл осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали хизмат қилиб келаётган ички ишлар органлари бир гуруҳ ходимлари Давлат мукофотлари ва Ички ишлар вазирлигининг идоравий мукофотлари билан тақдирланганлиги воҳа осойишталик посбонлари хизматига берилган юксак баҳодир.
Ватан, унинг тараққиёти, тинчлиги, ободлиги ва барқарорлиги ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида қилинган хизмат ҳеч қачон унутилмайди.
Барчангизга олиб бораётган ушбу масъулиятли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.
Сизларга оилавий бахт, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, дастурхонингизга қут-барака тилайман.
Жонажон юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин !