Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14-январ - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувохид Саломович Исмоиловнинг байрам табриги
Ўз ҳаётини Ватан ҳимояси, эл осойишталиги, юрт тинчлигини таъминлашдек улуғ ишга бағишлаган сиз, азму шижоатли ички ишлар органлари ходимларини, фахрийларни ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва 14 январ - Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этаман.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз жадал ривожланиб, ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали тузилмага айланди. Ҳар томонлама ихчам ва замонавий миллий армиямиз Ўзбекистонда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқарода, айниқса, ёш авлодга юрт тақдирига дахлдорлик ҳамда унинг равнақи учун хизмат қилиш туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан йўллаган табрикларида “Кейинги йилларда олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда” дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Ички ишлар органларида амалга оширилган ислоҳотлар боис ҳар бир ходим ўзини Ватан тақдирига дахлдор деб билиб, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибасини сафарбар этиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратиб келаётир.
Бундай натижаларга эришишда ёшларни Ватанпарварлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бой амалий тажрибага эга, умрининг қайноқ дамларини эл осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишга бағишлаб, ўз бурчига, касбига, Ватанига садоқатли, халқ манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ҳамкасбларимиз ва фахрийларимизнинг муносиб ҳисса қўшаётганлигини фахр билан эътироф этамиз.
Ишонч билан айтиш мумкинки, ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилари бундан буён ҳам ҳар қандай вазиятларда бурчларига содиқ қолиб, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб, бу йўлда бор билим ва куч-ғайратларини сафарбар этиб, доимо халқимиз ишончига муносиб бўладилар.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиз фуқароларини, ҳамкасбларимизни яна бир бор ушбу айём билан табриклаб, масъулиятли ва шарафли ишларингизда улкан зафарлар тилайман.