“Терроризм ва экстремизм – чегара билмас, миллат танламас иллат”
Қашқадарё вилояти ИИБда “Терроризм ва экстремизм – чегара билмас, миллат танламас иллат” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари иштирок этди.
Кун тартибидаги мавзу юзасидан бошқарма ТҚХ ТҚКБ бўлим бошлиғи майор Ф.Мухаммадиев сўзга чиқиб, бугун терроризм ва экстремизм дунё афкор оммаси жиддий хавотирга солмоқда, - деди. - У аҳолининг кенг қатламида ваҳима, қўрқув уйғотиш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали сиёсий ва мафкуравий мақсадларга эришишга қаратилган жиноий фаолиятдир. Халқаро миқёсда бу тушунча давлатлар, халқаро ташкилотлар, сиёсий партия ва ҳаракатларни беқарорлаштиришга қаратилган сиёсий қўпорувчилик фаолиятини ифодалайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳамда МДҲ Аксилтеррор марказининг терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган қўшма конференцияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида таъкидланганидек, «...kibermakonda хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бунда ноқонуний фаолият, ёллаш ва радикал ғояларни тарғиб этиш бўйича фаол ишлар миллий чегаралар ва қонунчилик нормаларини тан олмайдиган интернет тармоқлари ҳамда каналлари воситасида тобора кўп амалга оширилмоқда. Бунинг оқибатида бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакиллари, жумладан, бизнинг ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари «онлайн манқуртлаштириш» қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда».
Ҳозирги пайтда террорчи ва экстремистик ташкилотлар ўзларининг ғаразли ниятларига эришиш учун оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет тармоғидан кенг фойдаланмоқда. Ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларни, иродасиз, соддадил кишиларни йўлдан уриши натижасида улар нотўғри йўлга билиб-билмай кириб қолаётир.
Хулоса шуки, терроризм ва экстремизм дунё аҳолисининг тинчлиги ва фаровонлигига раҳна солувчи иллатлардир. Бутун дунё ҳамжамияти ушбу ёвузликка қарши бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, маърифат қуроли билан кураш олиб борсагина, унинг устидан ғалаба қозона олади.
Тадбирда бошқарма ТБ ЮТБ катта юрисконсульти майор Ш.Набиев Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳақида, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази шифокори Д.Туропова 1 декабрь – Халқаро ОИТСга қарши кураш куни маносабати билан “ОИТС касаллиги профилактикаси” мавзусида маъруза қилишди.