23 ноябрь – Ички ишлар органларининг Хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати ташкил топган кун
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, кейинги йилларда Республикага ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида уларнинг хавфсизлигини ҳам таъминлаш масъулиятини оширди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги 939-сонли қарори билан Қашқадарё вилояти ИИБ негизида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил қилинди ва бошқарма ходимларига хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш юклатилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларининг самарали хизмат ўташлари учун хизмат биноси замонавий тарзда таъмирланиб, янгидан жиҳозланиб топширилди. Шунингдек, хизматда фойдаланиш учун замонавий русумдаги транспорт воситалари ажратилди. Хизмат ҳудудлари замонавий ахборот технологиялари, хорижий тилларда луғатлар, туризмга оид маълумотлар акс эттирилган буклет, флаер ва бошқа зарур буюмлар билан жиҳозланди.
Бошқа соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда жами 480 та расмий делегациялар, халқаро фестиваллар, спорт анжуманлари миллий байрам тадбирлари ўтказилиб, уларга 2.087 нафар бошқарма ходимлари жалб этилди.
Бошқарма ташкил этилганидан бугунги кунгача бўлган даврда вилоятга жами 845.800 нафардан зиёд хорижий ва 8.750.000 нафардан зиёд маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. 123 та хорижий давлат делегацияси вакилларини кутиб олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш ишлари ташкил этилиб, ташриф давомида кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмади. Ташриф объектларида хизмат олиб бораётган бошқарма ходимларига турли масалаларда ёрдам сўраб 37.553 нафар хорижлик ва 72.091 нафар маҳаллий сайёҳлар мурожаат қилди ҳамда уларнинг барчасига зарур ёрдам кўрсатилди.
Ўтган давр мобайнида бошқарма ходимлари томонидан ҳудудий ИИБлар билан ҳамкорликда 97 та, шахсан 11 та жиноят фош этилди ҳамда 39 нафар муқаддам қидирувдаги шахслар ушланди.
Жойлаштириш воситалари томонидан ташриф буюрган шахсларни
33 маротаба “Е-меҳмон” электрон тизими орқали рўйхатга олинмаган ҳолатлар аниқланиб, белгиланган тартибда чоралар кўрилди.
Ушбу тадбирларни амалга оширилиши маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг хавфсизлиги, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўлиқ таъминланди. Зеро, сайёҳ хавфсиз ва тинч юртга ташриф буюради.