Ўқувчиларга китоблар совға қилинди
“Хавфсиз ҳудуд” тадбири доирасида воҳанинг барча шаҳар-туманларида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, руй берганларини “иссиқ излар”да фош этиш борасида бир қатор профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бу борада Қарши шаҳар 3-сектор ҳудудида жойлашган маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар таълим муассасаларида ҳам ҳуқуқий тушунтириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Яқинда Қарши шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник
Б. Мирзаев шаҳар ХТБга қарашли 29-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда сектор раҳбари ўқувчиларни мустақиллигимизнинг 30 йиллиги ва янги ўқув йили айёми билан қутлади. Дарс машғулотларини пухта ўзлаштириш, устозлар ўгитига амал қилган ҳар қандай ўқувчи кўзлаган мақсадига эришиши учун мамлакатимизда барча имкониятлар яратилганини эътироф этди. Амалдаги ўқув йилида ўқувчилар турли ножўя хатти-ҳаракатлар содир этмасдан китобхонлик, билимлар беллашуви ва спорт соҳаларида янги марраларни забт этишига ишонч билдирди.
Тадбир якунида сектор раҳбари томонидан мактаб ўқувчиларига 120 та бадиий китоблар совға қилинди.