Чироқчи тумани “Кишмиштепа” маҳалласида содир этилган қотиллик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитлар юзасидан муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди
Яқинда Чироқчи тумани “Кишмиштепа” маҳалласида содир этилган қотиллик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитлар юзасидан муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев, тумандаги сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ва туман Тиббиёт бирлашмаси ва патронаж ҳамширалари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 8 май куни она бола – Т.Н. ва Ж.Т. бирга спиртли ичимлик истеъмол қилишади. Гап орасида ўзаро келишмовчилик чиқиб, она-бола тортишиб қолади. Тортишув жанжалга айланиб, тунги соат 02.00ларда ўғил Ж.Т. онаси Т.Н.га пичоқ уради. Натижада аёл вафот этган.
Она-бола ўртасидаги совуқ муносабатлар бир кунда пайдо бўлмаган. Улар кунда бўлмаса-да кунаро жанжаллашиб турганидан қўни-қўшнилар, яқинлари хабардор бўлган. Она-бола билан ҳудуд профилактика инспектори бир неча бор профилактик суҳбат ўтказган.
Маҳалла фаоллари, оқсоқоллар ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳам 2-гуруҳ ногирони бўлган она-болани муросага келтириш борасида амалга оширган қатор профилактик ишларга қарамай жанжал барҳам топмаган.
Шу ўринда тиббиёт бирлашмаси ва патронаж ҳамширалари ўз ишига совуққонлик билан қарагани, яъни, 2-гуруҳ ногирони бўлган она-бола ҳолидан хабар олиш ишларини етарли даражада ташкил этмагани танқид қилинди. Бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган тиббиёт ходимлари фаолияти таҳлил этилиб, тегишли чоралар кўрилиши бўйича масъул шахсларга тегишли топшириқлар берилди.
Бунинг учун тумандаги сектор ишчи гуруҳи ходимлари ишини янада кучайтириш, жанжалкаш оилаларни қамровга олиш ва профилактик ишларни таъсирчанлигини ошириш, пировардида фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, маиший ва бошқа муаммоларини бартараф этадиган оқил ва кайвони инсонлардан самарали фойдаланиш лозимлиги иштирокчиларга уқтирилди.
Муҳокамада ҳолат юзага келишига масъул мутасадди идоралар вакилларидан воқеа бўйича изоҳ сўралиб, ўз ишига совуққонлик билан ёндошган оқсоқол ва раҳбарларга тегишли жазо чоралари белгиланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Чироқ туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.