Хизматда фидойи фахрийлар
ИИВ Қашқадарё академик лицейида Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти томонидан нашрга тайёрланган “Кадрлар хизмати фидойилари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти, вилоят ички ишлар бошқармаси ва соҳавий хизматлар ходимлари, фахрийлар ҳамда лицей ўқувчилари иштирок этди.
Маънавий-маърифий тадбирни Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари подполковник Шермухаммад Турсунов очиб, сўнгги йилларда китоб ўқиш ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлади.
Китоб тақдимотида Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари, майор Азизжон Файзиев сўзга чиқиб, “Кадрлар хизмати фидойилари” китобини тайёрлаш ва нашр этиш жараёнларига тўхталди. Китобга киритилган ички ишлар органлари фахрийлари мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш борасида самарали хизмат қилгани, бурчига Ватанига садоқат билан хизмат қилиб, ибратли умр кечиргани ҳақидаги мақолалар ўрин олганини таъкидлади.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси фахрийлар кенгаши аъзолари, истеъфодаги подполковник Амир Хушвақтов, Пирмат Ахмедов мазкур китоб келажак авлод учун муҳим манба, ёшлар ходимлар учун тажриба мактаби вазифасини ўташини билдиришди.