19 Декабр 2023 йил 724

Вилоят ҳокими профилактика инспекторлари билан учрашди

Қашқадарё вилояти ИИБда вилоят ҳокими профилактика инспекторлари билан учрашди. Учрашувда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад – яъни, халқни рози қилиш ва аҳолининг кундалик ва маиший муаммоларини ҳал этиш биринчи даражадаги вазифа эканлигини таъкидланди. Бу борада Республиканинг барча ҳудудларида жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, аҳолининг кунлик ижтимоий-маиший муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ҳал этиш бўйича янгича ишлаш тизими яратилган.

Шунга қарамасдан, вилоят ҳудудидаги қизил тоифага тушган маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдин олишда етарли даражада ишлар ташкил этилмаётганлиги кўзга ташланмоқда.

 -Вилоят миқёсида “қизил” тоифадаги маҳаллаларнинг  профилактика инспекторларии ишласа, ҳудудда жиноят бўлмайди. Халқни рози қилишда профилактика хизматини ўрни беқиёс, - деди вилоят ҳокими Муротжон Азимов. - Президентимиз ҳам айнан профилактикага эътибор бериши бекорга эмас. Негаки, ҳар бир маълумот биринчи бўлиб профилактика инспекторига келади. Инспектор лоқайд бўлмай уни текшириши лозим.

Ушбу маҳаллалардаги муаммоларни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” аниқлаб, ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизимини кучайтириш, туман-шаҳар сектор раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари ва ўринбосарлари “қизил” тоифадаги маҳаллаларга шахсан масъул этиб бириктирилиб, улар ҳар куни бир соат жиноятчиликнинг аҳволини таҳлил қилиб, тегишли чора-тадбирларни белгилаб, профилактика инспекторларига жиноятларни олдини олиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш белгиланган. 

Очиқ мулоқот руҳида кечган тадбирда келгусида, ушбу “қизил” тоифадаги маҳаллаларда креминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилиши олдини олиш ҳамда ушбу маҳаллаларни қизил тоифадан яшил тоифадаги маҳаллага ўтказиш мақсадида Жамоатчилик назорат масканларини ташкил этиб, ИИБ, Миллий гвардия, “Фидокор ёшлар” ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат тунги хизматни кучайтириш, ёритилмаган кўчалар ва савдо дўконлари атрофларига ёритувчи чироқлар ўрнатиш, ҳудудларни камералаштириш таклифи берилди.

Амалга оширилаётган ишлар сонига эмас, балки сифатига эътибор берган ҳолда фуқароларнинг муаммоларини атрофлича ўрганиб чиқиб, уларни маҳалла еттилига тўғри йўналтириб ҳал этиш борасида иштирокчиларга тегишли тавсиялар берилди.

Тадбирда вилоятда жиноятларни олдини олиш, содир этилганларини фош этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишилди.

Text to speech