Вазифалар белгилаб олинди
Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБда бошқарма ва унинг қуйи тизимлари томонидан йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги, йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма аппарати, тизимнинг шаҳар-туман ИИБ бўлинмалари ходимлари иштирок этди. Йиғилишни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев очди.
Йиғилишда вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатлари, йўловчилар ва ҳайдовчиларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни қонунларга малакалаш, фуқаролардан тушган ариза, шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлил этилди.
Йилнинг ўтган даврида вилоят ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қўйи тизимлари ходимлари томонидан одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш, тезликни белгиланган меъёрдан ошириш, спиртли ичимлик таъсирида транспорт воситасини бошқариш каби ҳолатларга жиддий эътибор қаратилса-да, ушбу йўналишдаги кўрсаткичлар ошиб кетгани танқид қилинди. Айниқса, болалар билан боғлиқ ЙТҲлар натижасида бегуноҳ одамлар ва болажонлар бевақт ҳаётдан кўз юмгани, рўй берган жиноят тафсилотлари муҳокамаси бўйича учрашувларни янада кучайтиришни тақазо этиши таъкидлаб ўтилди. Албатта, бу борадаги ишларни амалга оширишда ҳар томонлама малакали ва тажрибали ходимлар, мураббий ва педагогларнинг билим ва салоҳиятини ошириш лозимлиги иштирокчиларга уқтирилди.
Тизим ходимлари автомактаблар, касб-ҳунар мактабларида ўтилаётган дарс машғулотларини мунтазам назорат қилиб, ҳайдовчиликка синов топшираётган номзодларнинг билим ва малакасини амалий машғулотларни кўпроқ ўтиб бойитиши тушунтирилди. Бундан ташқари, соҳавий хизматлар вакиллари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ-маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Ёшлар иттифоқи” ҳамда корхона, ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кенгроқ тарғиб этиш лозим. Ўз навбатида бу йўналишдаги ишлар содир этилиши мумкин бўлган ЙТҲларини олдини олишда муҳим омил эканлиги иштирокчиларга уқтирилди. Бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар бўйича соҳавий хизматлар раҳбарлари вазифадор этилиб, масъулияти оширилди.
Кўлами кенг йиғилишда аввало ҳар томонлама баркамол, интилувчан, ўз устида ишлашни канда қилмайдиган номзодларни танлаш, ушбу жараёнда кадрларни жой-жойига қўйиш лозимлиги таъкидланди. Шахсий таркибнинг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ва ижтимоий-сиёсий билимини ошириб бориш борасидаги талаблар янада кучайтилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Кенгайтирилган йиғилишда камчиликларга йўл қўйган ходимлар огоҳлантирилиб, масъул раҳбарлар олдига аниқ вазифалар қўйилди.