Мақсадимиз битта...
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID – карталарни жорий этиш чора – тадбирлари тўғрисида” ги Президент Фармони ижроси доирасида турли ҳудудлардаги ҳолатлар бўйича фикрларни ўқиб менда ҳам Қарши шаҳридаги бу борадаги аҳвол билан танишиш фикри пайдо бўлди.
Дастлаб электрон тарзда ариза ёздим. Унда кўрсатилган муддатда яъни 11 январь куни соат 11 да (халқ тилида айтилганда “паспорт стол” ) Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бордим. Илгаригидек одам тирбанд эмас. (Сабаби билан қизиққанимда шу ернинг ўзида 4 жойда фуқароларга маслаҳат ва амалий ёрдам бериш ҳолатлари ташкил этилганига гувоҳ бўлдим) Масъул ходимга келишим сабабини айтдим. Белгиланган тартибда давлат божини тўлаганимдан сўнг 10 дақиқа ичида бармоқ изларим ва фотосуратимни олишди. Яна 10 дақиқа кутиб туришимни сўрашди. Журналист эмасманми, қизиқувчанлигимга бориб шу ерда турган одамлар билан суҳбатлашдим.
Хорижга чиқиш учун паспорт олишга ариза бергандим. 10 иш кунида тайёр бўлади, дейишганди. Бугун эрталаб қўнғироқ қилиб паспорт тайёр бўлганлигини айтишди. Шуни олиб кетгани келгандим, дейди қаршилик Зулфия Пармонова.
Отам ногирон. Паспортини амал қилиш муддати тугади, лекин бу ерга олиб келишнинг иложи йўқ. Шу сабабли келгандим, дейди навбатдаги суҳбатдошим. Бўлим бошлиғи, подполковник Бекзод Сувонов бу фуқарога ўн беш дақиқа кутиб туришлигини айтиб, унга ходимларидан бирини бириктириб отаси ҳузурига боришлигини ва у ерда аризани ёздириб келишларини тушунтирди.
- Ҳар куни ўттизга яқин асосан, 16 ёшга тўлган, паспортининг амал қилиш муддати тугаган, паспорти йўқолган ва ўз истаги билан ID – карта олишни билдирганлар фуқароларга ID – карталарни бераяпмиз. Шунингдек, кунига 120 дан зиёд хорижга чиқиш паспортларини ҳам ўз эгаларига топшираяпмиз,- дейди биз билан суҳбатда Б.Сувонов.
Суҳбат асносида ўн дақиқа ўтганини ҳам сезмай қолибман. Фамилямни айтиб чақиришиб қўлимга янги паспорт яъни ID – картани беришганда рости ишни бу қадар тез битишини кутмаганлигимни айтдим. Мен сингари вақтини тежаб, иши охирига етганлигидан хурсанд бўлган фуқароларнинг чеҳрасига боқиб, бир нарсага яъни қаердаки ишлар тизимли ва тўғри ташкил этилса у ерда норозилик бўлмаслигига амин бўлдим.
Усмон НУСУРОВ
журналист