21 Сентябр 2022 йил 287

Маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг республика бўйлаб ҳаракатланишини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг республика бўйлаб ҳаракатланишини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, олинган маълумотлар асосида истиқболли режалар ишлаб чиқиш ва самарали амалга ошириш мақсадида мавжуд тартибларга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Ҳозирги кунда жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланган барча шахслар, жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйларига ва шу каби бошқа муассасаларга жойлашганда шу муассасалар маъмурияти томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида “Э-Меҳмон” электрон базасига киритиш орқали ҳисобга олиниши керак.
Ҳисобга олиш аввал 12 соат мобайнида эди, ҳозирда эса улар келиб жойлашган заҳоти, уларнинг бу ерда бўлиш муддати ва келишининг даврийлигидан қатъи назар амалга оширилади. Мазкур тартибларнинг жорий қилиниши маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Ҳозирги кунда Қашқадарё вилояти ИИБ ХТТБ ходимлари томонидан доимий равишда рейдлар ўтказилмоқда. Ушбу рейдлар давомида Қамаши туманида жойлашган "Арш" меҳмонхонаси маъмурияти ташриф буюрувчиларни Э-меҳмон электрон базасига рўйхатга ўтказмасдан қабул қилиб келаётганлик ҳолати аниқланди ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Text to speech