14 Март 2023 йил 352

Кибермаконда содир этилаётган жиноятлар ҳақида матбуот анжумани

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қашқадарё вилояти бўлимида “Кибермаконда содир этилаётган жиноятлар: таҳлил ва натижалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Уни АОКА вилоят бўлими раҳбари Усмон Нусуров очди. 

Матбуот анжуманида глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса, интернет ёшларни кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланган “Ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги замонда, маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернет эканлиги, ижтимоий тармоқлар нафақат ахборот тарқатиш балки жамоатчилик фикрини шакллантириш ва бошқаришда жиддий қурол бўлиб қолганлиги қайд этилди.

Сўнгги вақтларда банк пластик карталаридаги пулларни талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятларни содир этилиши кундан-кунга кўпайиб бораётганлиги кузатилмоқда. Хусусан, вилоят ҳудудида банк пластик карталаридаги пулларни ноқонуний ўзлаштирилиши билан боғлиқ мурожаатлар кўпаймоқда.

Таҳлилларга кўра, бир кунда қайд этилаётган ушбу турдаги жиноятларнинг 10 тадан 9 таси ноаниқ шароитларда содир этилмоқда. Вилоят ҳудудида кибержиноятчиликка қарши курашиш, уни олдини олиш ва фуқароларга ушбу турдаги жиноят қурбонига айланиб қолмасликлари учун уларнинг кибер билимларини ошириш, ушбу турдаги жиноятларга қарши ҳар бир фуқарога иммунитет шакллантиришини таъминлаш, мазкур турдаги жиноятларни “иссиқ изи”дан фош этиш, банк пластик карталаридаги пулларни талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятларни олдини олишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Бунда ОАВ ходимлари ва ижтимоий тармоқ фаолларининг бу борадаги тарғибот ва ташвиқот ишлари фуқароларни огоҳликка  чорлаб, кибержиноятларни олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Тадбирда ОАВ ва ижтимоий тармоқ фаолларига кибержинояларнинг турлари:

Киберхавфсизлик — кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати;

кибержиноятчилик — ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндиси;

кибермакон — ахборот технологиялари ёрдамида яратилган виртуал муҳит;

кибертаҳдид — кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид солувчи шарт-шароитлар ва омиллар мажмуи;

киберҳимоя — киберхавфсизлик ҳодисаларининг олдини олишга, киберҳужумларни аниқлашга ва улардан ҳимоя қилишга, киберҳужумларнинг оқибатларини бартараф этишга, телекоммуникация тармоқлари, ахборот тизимлари ҳамда ресурслари фаолиятининг барқарорлигини ва ишончлилигини тиклашга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, молиявий-иқтисодий, муҳандислик-техник чора-тадбирлар, шунингдек маълумотларни криптографик ва техник жиҳатдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари мажмуи;

киберҳужум — кибермаконда аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда қасддан амалга ошириладиган, киберхавфсизликка таҳдид соладиган ҳаракат эканлиги ҳақида ҳақида батафсил маълумот берилди.

     Фуқаролар кибертаҳдидлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг Cyber_102 каналига обуна бўлиш тавсия этилди.

Кўлами кенг матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шохрух Гиясов иштирок этди.

Text to speech