14 Март 2020 йил 670

ДИҚҚАТ ФИРИБГАР

Қарши туманлик С.Ф дастлаб ички ишлар органлари тизимидаги ҳарбий қисмда оддий аскар таркибида ишлаб келиб, зиммасига юклатилган вазифаларни уддалай олмагани учун ҳарбий хизматдан бўшатилади.

Халқимизда бекордан худо ҳам безор деганларидек, масъулиятни ҳис қилмайдиган С.Ф рўзғор, бола чақа ташвишини ҳам унутиб бироз муддат қишлоқда бекор юрди. Лекин яшаш учун меҳнат қилиш кераклигини англаш ўрнига миясида турли хомхаёл режаларни тузиш билан шуғулланди.  

2019 йил 16 ноябрь куни Қарши туман “Қовчин” маҳалласи ҳудудида жойлашган чорва мол бозорига борган С.Ф у ерда Қарши тумани “Қовчин” қишлоғида яшовчи Д.Ж дан 21 бош қўзи-қўчқорларини сотиш учун олиб чиққанлигини кўради. Бозор тартибига кўра С.Ф Д.Жга 21 бош қўзи қўчқорларни бозор баҳосидан қиммат яъни, 1.100.000 сўмдан, жами 23.000.000 сўмга сотиб олишни билдиради. Бироқ пулини 10 кундан сўнг бериш шарти билан мол эгасининг ишончига кириш учун ўзини Косон туманидаги 51-сонли жазони ижро этиш колониясида ишлашлигини, агар ишонмаса ҳарбий гувоҳномасини гаров сифатида мол эгасига кўрсатади. Д.Ж 21 бош қўзи қўчқорларини С.Ф га бериб юборади. Ферузжон Саидов эса қўзи-қўчқорларни бошқа харидорга сотиб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлайди. Бундан ташқари С.Ф кейинги сафар Ғузор туман “Шерали” МФЙ “Шерали” қишлоғида яшовчи А.У ва Қарши шаҳар, А.Навоий МФЙ, Яккабоғ кўчаси, 8-уйда яшовчи фуқаро Х.Лларнинг ҳам бир бош сигир ва бир бош бузоғини пулини 10 кун ичида беришни айтиб, олиб кетиб, пулини бермайди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан С.Ф га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари эл осойишталиги ва фуқаролар тинчлигини таъминлаб, одамларнинг яхши ёмон кунида бирга бўлиб, халқ ишончини қозонмоқда. Амалга ошираётган эзгу ва хайрли ишлари билан эл назарига тушмоқда.

Юқоридаги каби айрим фирибгар шахсларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари тизим ходимлари обърўсига соя сололмайди. Фуқаролардан ўзини ички ишлар органлари ходими деб таништирган ҳар қандай ходимнинг шахсига аниқлик киритиш учун вилоят Ички ишлар бошқармасининг 102 рақамига қўнғироқ қилишларини сўраб қоламиз.

Text to speech