26 Ноябр 2022 йил 752

“Чўлпон – озодлик ва адолат куйчиси”

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Чўлпон – озодлик ва адолат куйчиси” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари, ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчиси иштирок этди.

Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Жасурбек Атаев очди.

Йиғилишда сўз олган ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчиси Ирода Муродова маърифатпарвар, ўзбек жадид адабиётининг ёрқин вакили Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1898 йилда Андижоннинг Қатортерак маҳалласида савдогар оиласида дунёга келгани, у аввал эски мактабда, сўнгра мадрасалар ва рус-тузем мактабида таҳсил олади. Араб, форс ва рус тилларини мукаммал ўзлаштиради. Мутолаа йўли билан турк, немис ва инглиз тилларини ўрганади. У ўн етти ёшидан жадид нашрлари билан алоқа боғлайди, уларда аввалига кичкина хабарлари, сўнг назмий ва насрий машқлари, публицистик мақолалари билан қатнаша бошлайди. Эътиборлиси, у нафақат Туркистон, балки Қрим, Татаристон, Бошқирдистонда чоп этилган газета-журналларда ҳам қатнашишга ҳаракат қилган.

Чўлпоннинг ижоди 1913–1914-йиллардан бошланган. Лекин босма нашрда илк бор 1914-йил «Садойи Туркистон» газетасининг 3-сонида «Туркистонли қардошларимизга» мақоласи билан кўриниш беради. У аввал «Қаландар», «Мирзақаландар», «Андижонлик» ва ниҳоят «Чўлпон» тахаллуси билан ижод қилди.

Шундан сўнг «Садойи Туркистон» ва «Садойи Фарғона» газеталарида бирин-кетин «Қурбони жаҳолат», «Доктор Муҳаммади­ёр» номли ҳикоялари, «Баҳор авваллари» этюди, «Адабиёт надир?» ва «Муҳтарам ёзғучиларимизга» номли адабий-танқидий, «Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик» ҳамда «Ватанимиз Туркистонда темир йўллар» номли публицистик мақолалари эълон қилинди.

Унинг адабиётга қўйган жиддий қадами 1922–1935-йилларда нашр эттирган китобларида ўз аксини топган. Бу даврда у ўзининг «Уйғониш» (1922), «Булоқлар қучоғида» (1923), «Тонг сирлари» (1926), «Соз» (1935) шеърий тўпламларини нашр эттирди. 30-йилларга келиб «Жўр» шеърий тўпламини тайёрлади. Аммо тўплам қатағонлик тузоғига илиниб, қолиб кетади. Шоирнинг тўпламлари орасида «Булоқлар қучоғида» (1923) алоҳида ажралиб туради. Тўплам беш бўлимдан иборат бўлиб, улар «Шарқ учун», «Сезгилар», «Севги», «Қора йўллар» ва «Қор қўйнида» деб номланади.

Халқимиз қалбидан жой олган «Қаландар ишқи», «Кўнгил», «Бинаф­ша» каби шеърлари айнан шу тўпламда чоп этилган. Умуман, матбуотда эълон қилинган илк асарларидаёқ, миллатнинг маънавий қаш­шоқланиши ва юртининг тутқунлигидан юраги пора Чўлпон ўз армонларини оммага юқтириб, уни мавжуд ҳолатдан чиқишга даъват қилаётган безовта қалб эгаси сифатида бўй кўрсатади.

Чўлпон «Новвой қиз», «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола» каби ўнлаб ҳикоялар, «Кеча ва кундуз» (1936) каби ажойиб роман ҳам яратган истеъдодли адибдир. У драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг «Халил фаранг», «Чўрининг исёни» каби кичик пьесалари, «Ўртоқ Қаршибоев», «Муштумзўр» каби драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган «Ёрқиной» пьесаси машҳур бўлган.

Чўлпон моҳир таржимон сифатида Шекспирнинг «Ҳамлет» фожиасини, Пушкиннинг «Дубровский» қиссаси ва «Борис Годунов» пьесасини, Горкийнинг «Она» романини ва бошқа кўплаб асарларни ўзбек тилига ўгиради.

У Абдулла Қодирий, Фитратлар каби 1937-йилнинг 14-июлида қамоққа олиниб, 1938-йилнинг 4-октябрида отиб ташланган.

Чўлпоннинг асарлари узоқ вақт давом этган танаффусдан кейин 1991-йил «Яна олдим созимни» номи билан нашр этилди.

1991-йил 25-сентябрда Чўлпонга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди. 1997-йили адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан унинг кўплаб асарлари янгидан нашр этилди ва у ҳақда илмий тадқиқотлар яратилди.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон миллий озодлик учун кураш йўлида кўрсатган матонати ва буюк хизматлари, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун 1999-йилда «Мустақиллик» ордени билан мукофотланди.

Йиғилишда иштирокчилар эътиборига  Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳақида фильм намойиш этилди.

Text to speech