17 Март 2023 йил 471

Бировга чоҳ қазиганди...

Халқимизда бировга чоҳ қазима унга ўзинг тушасан, деган нақл бор. Бу ҳаётда оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юриб, одамларни чув туширигани етмагандек, туҳмат ҳам қилувчи шахсларга нисбатан айтилганига шубҳа йўқ. Жумладан, Деҳқонобод тумани “Мустақиллик” МФЙда яшовчи фуқаро таниши билан ўзганинг мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш мақсадида бир гуруҳга бирлашади.

Шоввозлар дастлаб, 2021 йил февраль ойида аввалдан таниш фуқарога 1100 АҚШ доллари эвазига Қамаши туманидан ауксионда 67 гектар лалми ер майдони олиб беришни ваъда қилиб пулини олишади.

Икиовлон жиноий фаолиятини давом эттириб, 2021 йилнинг куз ойларида фермерлик фаолияти тугатилиб, ер майдони давлат заҳирасига қайтарилган фуқарога 1500 АҚШ доллари миқдорида пул эвазига фермерлик фаолиятини тиклаб беришни ваъда қилиб, уни ҳам чув туширган.

Хуллас,  2022 йил февраль ойида улар Қамаши тумани “Сувоқова” бўлимига  фуқарони ишга киритиб қўйишга ваъда қилиб, 1300 АҚШ доллари, давлат органларида хизмат қилиб бўшатилган фуқарога ишини тиклаб беришни ваъда қилиб, 4800 АҚШ доллари ва 6 миллион 500 минг сўм миқдоридаги пулларни олиб, фирибгарлик хатти-ҳаракатини содир этган.

  Бу камлик қилгандек, шоввозларнинг бири  2023 йил 10 март куни қўшни тумандан ер олиб бермоқчи бўлган танишини чойхонага чақириб, суҳбатлашиб, тез кунларда иши ҳал бўлишини айтиб, чойхонадан чиқиб, яшаш уйига кетади. Сўнгра, Деҳқонобод тумани ИИБ бошлиғи номига таниши билан чойхонада ўтирганда икки нафар нотаниш фуқаролар унга пичоқ тираб ўлдириш билан қўрқитиб, босқинчилик йўли билан ундан 3 миллион сўм ва 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олиб қўйганлиги ҳақида ариза билан мурожаат қилади.

Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирулар давомида фуқаро оғир жиноят ҳақида била туриб ёлғон хабар бергани маълум бўлди.

Тўпланган ҳужжатларга кўра ёлғон хабар берган фуқарога нисбатан Деҳқонобод туман ИИБ ҳузуридаги ТГ томонидан  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 237-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.

Шунингдек, унинг шеригига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech