ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДА 3-СЕКТОР РАҲБАРИ ИШТИРОКИДА МУҲОКАМА ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ғузор туманида шу йил 23 январъ куни почча ва қайнука ўртасидаги жанжал пичоқлашув билан якунлангани ҳақидаги хабар тергов-тезкор гуруҳи аъзоларини воқеа жойига йўналтирди. Воқеа жойи - туманнинг Гулшан маҳалласига етиб борган ички ишлар органлари ходимлари жанжал боис жароҳат олган қайнука М.О.ни шифохонага жўнатишди, почча бўлмиш Б.А.ни эса Ғузор тумани ички ишлар бўлимига келтиришди.
Яқинда содир этилган мудҳиш жиноятни юзага келтирувчи шарт-шароитлар ва омилларни таҳлил этиш, келгусида бу каби салбий оқибатли воқеа-ҳодисаларни олдини олиш мақсадида эр бўлмиш Б.А. яшайдиган Қамаши тумани Қизилтом қишлоғида 3-сектор раҳбари - вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев раҳбарлигида, туман ИИБ, прокуратураси, оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, ҳамда маҳалла фаоллари ва мактаб ўқитувчилари ҳамда оила аъзолари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Оилавий муносабатларига енгил-елпи, турмуш ташвишларига юзаки қараш оқибатида юз берган жиноят юзасидан атрофлича фикр юритган вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев ёшларга таълим-тарбия бериб келаётган бу муаллимнинг ҳаёт тарзи ва юриш-туришидан наҳотки маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, мактаб раҳбарияти бехабарлигига алоҳида тўхталди.
Ёши бир жойни қоралаб қолган Б.А. қўшни Ғузор туманида яшовчи М.Ю. билан шаръий никоҳ асосида оила қурган. Вазият шу даражага етиб келганки, ўзи Қамаши туманида мактабда ишласада, тез-тез Ғузор туманида яшовчи М.Ю.никига келиб кетиб юрган. Жанжал бўлган куни соат 15.00ларда Б.А. хотини М.Ю.никига спиртли ичимлик истеъмол қилиб келган. Бу ҳолатни кўрган аёлнинг укаси М.О. почча бўлмишни кетишини талаб қилган. Натижада ўртада жанжал чиқиб, почча қайнукани кўкрагига ошхона пичоғини санчгани айтилди.
Ўйлаб кўрилса, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларга ёшлик қилибдида деймиз. Ёши бир жойни қоралаб қолган бу одамнинг хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин?! Жойларда одамларнинг кундалик ташвиши ва дарду муаммолари билан шуғулланиши лозим бўлган маҳалла раҳбарияти, оқсоқоллар, қўни-қўшни қолаверса, кайвонилар, қариндош-уруғлар қаёққа “қарагани” бугун барчага маълум. Муаллимнинг уйида кунора ёки муттасил бўлиб келган жанжалдан барчанинг хабари бўлган. Фақат уни инсофга, эр-хотинни муросага чақириш ишлар номигагина ёки бўлмаса умуман амалга оширилмаган. Натижада эр нажотни кўчадан топган. Оқибат эса жиноятчи деган тамғани олишга ва эл аро юзи шувит бўлишга олиб келди.
Халқимизда сўнгги пушаймон ўзингга душман деган нақл бор. Б.А.қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, тадбирда барчадан кечирим сўради, лекин сўнгги пушаймондан энди фойда йўқ.